ишониб топширди. Ва мени аввал журъат эта олмаган ишни бажаришга мажбур қилди”.
Бу “воқеликни ўзгартириш майдони” деб номланадиган ҳодисанинг ижобий томони. “Агар Стивга ишонсанг, унда ҳамма нарсани эплай оласан, – дейди Элизабет. – Агар у нимагадир қарор қилса, уни албатта бажаради”.
Кескин ўзгариш
1975 йилнинг бошида Элкорннинг Atari’даги хонасига Рон Уэйн учиб киради. “Тасаввур қиляпсанми, Стив қайтиб келди!” – деб ҳайқирди у. “Ўҳў! Унда кирсин”, – деди Элкорн.
Жобс оёқ яланг, тўқ сариқ кийимда қўлида “Шу ерда ҳозирнинг ўзида бўл” китоби билан кириб келди. У китобни Элкорнга узатиб, уни албатта ўқиб чиқишини талаб қилди. “Мен ишга қайтсам бўладими?” – деб қизиқиб сўради Жобс.
“Стив кришнаитга ўхшарди, лекин мен уни кўрганимдан хурсанд эдим, – деб эслайди Элкорн. – Шунинг учун, табиийки, “ҳа” деб жавоб бердим”.
Жамоада осойишталикни сақлаш учун Жобс аввалгидек тунда ишларди. Кечки овқатдан кейин унинг олдига гаплашиб ўтириш ва ўйин ўйнаш учун Возняк келарди. У HP’га ишга кириб олгач, шу атрофдан квартирани ижарага олганди. Pong ўйинига у Саннивейлдаги боулингда қизиқиб қолганди ва ҳатто ўзи учун телевизорга приставка ясаганди.
1975 йил ёз фаслининг охирида Нолан Бушнелл ҳамманинг бундай ўйинлар вақти тугади деган фикрига тупуриб, Pong’нинг бир кишига мўлжалланган версиясини ишлаб чиқишга қарор қилди. Шериги билан ўйнаш ўрнига тўпни деворга зарб билан отиш керак эди. Ҳар бир зарбдан сўнг деворнинг ғишти кўчарди. Нолан Жобсни олдига чақириб, доскага эскизни чизди ва Стивга ғояни рўёбга чиқаришни топширди. Ва агар Жобс элликтадан камроқ деталь сарфлаб, ўйин ясаса, ҳар бир тежалган деталь учун мукофот пули олишини қўшиб қўйди. Бушнелл Жобс энг зўр муҳандис эмаслигини биларди, лекин у уни тез-тез кўргани келадиган Вознякни ишга жалб этади деб тахмин қилди ва ҳақ бўлиб чиқди. “Мен учун бу икки ҳисса фойда эди, – деб эслайди Бушнелл. – Чунки муҳандис сифатида Воз анча қобилиятлироқ эди”.
Жобс Вознякдан ёрдам сўраб, мукофотни тенг бўлишишга
ваъда қилганида у жуда хурсанд бўлиб кетди. “Миллионлаб кишилар ўйнайдиган ўйин лойиҳаси ҳаётимдаги энг қизиқ таклиф бўлди”, – дейди Возняк. Лекин Жобс ҳаммаси тўрт кунда тайёр бўлиши, устига-устак деталлар камроқ ишлатилиши кераклигини айтди. У муддатни ўзи белгилаганини айтмади, чунки ҳосил йиғишга тайёргарлик кўриш учун Фридланд фермасига отланаётганди. У шунингдек, ҳар бир тежалган деталь учун Нолан мукофот ваъда қилгани ҳақида ҳам оғиз очмади.
“Бундай ўйинни яратиш учун кўпчилик муҳандислар бир неча ой сарфлаган бўларди, – эслайди Возняк. – Мен ҳеч ҳам уддасидан чиқа олмайман деб ўйлагандим, лекин Стив ҳаммаси ўнгидан келади деб мени ишонтирди”. Воз тўрт кеча ухламади, лекин лойиҳани бажарди. Кундузи HP компаниясида у чизмалар чизарди, апил-тапил тамадди қилиб олиб, Atari’га елдек учарди ва тунда тинмай ишларди. Возняк чизмалар устида бош кўтармай ишлаётган вақт Жобс олдида ўтирар ва макет