Уолтер Айзексон

Стив Жобс


Скачать книгу

50 та эмас, балки 60 та эди. Элкорн Жобс билан буни қандай тўғрилашни ўйлаб топди. Стив масалани жойнинг ўзида ҳал қилиш учун Европага борадиган, компания эса сафар ҳақини унга тўлаб берадиган бўлди. “У ердан Ҳиндистонга парвоз арзонроққа тушади”, – деб изоҳлади буни Элкорн. Жобс рози бўлди ва Эл уни Германияга юборди. Элкорн Жобс билан хайрлашаётиб, гуруга саломини етказишини айтди.

      Жобс бир неча кунни Мюнхенда ўтказди. У муаммони муваффақиятли ҳал қилди, лекин расмиятпараст немис раҳбарларнинг жиғига тегишга ҳам улгурди. Улар Элкорнга Жобсдан ювинди ҳиди келаётганини ва одамларнинг ғашини келтираётганини айтиб нолишди. “Мен қизиқиб сўрадим: “У муаммони ҳал қилдими ахир?” Улар “Ҳа” дейишди. Ўшанда шундай деб жавоб бердим: “Унда агар бирорта савол туғилса, қўнғироқ қилинг, менда бундай болалардан кўп!” “Йўқ-йўқ, раҳмат, ўзимиз уддалаймиз”, – дейишди улар”. Жобс ҳам уни гўштли картошка билан боқишмоқчи бўлгани учун дарғазаб бўлиб юрганди. “Вегетарианча овқатмиш, улар ҳатто бундай сўзни ҳам билишмайди!” – деб шикоят қилди у телефон орқали Элкорнга.

      У дистрибьютор билан учрашиш учун Туринга жўнаб кетди. У ер унга кўпроқ ёқди: итальянча паста ва мезбоннинг меҳмондўстлиги Стивнинг кўнглига малҳамдек бўлди. “Мен Туринда икки ҳафтани ажойиб ўтказдим. Гавжум саноат шаҳри, – деб хотирлайди Жобс. – Дистрибьютор жуда яхши инсон экан. Ҳар кеча мени ресторанда овқатланишга таклиф қиларди. У ерда атиги саккизта стол бор эди ва ҳеч қандай меню йўқ эди. Шунчаки официантга нима хоҳлашингни айтасан ва сенга буни тайёрлаб беришади. Столлардан бири Fiat президенти учун банд қилиб қўйилганди. Умуман олганда, муҳташам жой эди”. Туриндан Стив Швейцариянинг Лугано шаҳрига бориб, Фридланднинг амакисиникида тўхтади, у ердан эса Ҳиндистонга учиб кетди.

      Нью-Делига етиб келиб, самолётнинг кўчма зинасидан тушиши билан Жобс апрель ойи бўлишига қарамай, юзига дим жазирама ҳаво эсаётганини сезди. Жобсга меҳмонхона номини айтишди, лекин у ердан жой тополмади, шунда у такси ҳайдовчиси тавсия қилган меҳмонхонага борди: “У бунинг учун қандайдир улуш олган бўлса керак, чунки мени ғирт қишлоққа олиб бориб ташлади”. Стив меҳмонхона хўжайинидан крандаги сув фильтрланганми деб сўради ва эҳтиётсизлик қилиб ундан татиб кўрди. “Кўп ўтмай мен дизентерия юқтириб олдим. Аҳволим ёмонлашди, ҳароратим кўтарилди. Бир ҳафтада 15 килограмм вазн йўқотдим”.

      Иқлимга бироз мослашиб олгач, Стив Деҳлидан тезда кетишга қарор қилди. У Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Харидвар шаҳрига йўл олди. Шаҳар Ганганинг бошида жойлашганди. У ерда ҳар уч йилда Мела деб номланган йирик ҳиндча фестиваль бўлиб ўтарди. 1974 йил ўн икки йиллик даврнинг охиргиси эди. Демак, Кумбха-мела деб аталган яна ҳам дабдабали байрам бўлади. Ўн миллион зиёратчи катталиги Пало-Альтодек шаҳарда тўпланади. Пало-Альтода атиги юз минг киши яшайди. “Тақводорларни ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Қаерга қарасанг чодир: ҳар бир чодирда устоз. Филларни ҳайдаб борувчилар ва ҳоказолар. Мен у