бу борада қолганлардан фарқли эмас. Мен учратган инсонларнинг жуда кўпи шундай фикрлайди. Агар шунча кўп одам бу борада адашади, деган иддаомга шубҳа қилсангиз, жуда соз. Бундай иддаоларга доим далил талаб қилишингиз керак. Мана далил – икки қисмли хато тасаввур қопқони шаклида.
Дастлаб қуйидаги савол билан (сиз унга китобнинг кириш қисмида жавоб бергансиз) даромади паст бўлган мамлакатлардаги ҳаётни одамлар қандай тасаввур қилишларини билиб олган эдик.
1-савол
Бугунги кунда дунёнинг даромади паст давлатларида қанча қиз бошланғич мактабни тугатади?
□ А. 20 фоиз
□ Б. 40 фоиз
□ В. 60 фоиз
Ўртача 7 фоиз одам В жавобни белгилаб, дунёнинг даромади паст давлатларида 60 фоиз қиз бошланғич мактабни тугатади, деб тўғри жавоб берди (бу саволга ҳайвонот боғида 33 фоиз шимпанзе тўғри жавоб берганини эсланг). Кўп одамлар тахмин қилиб, 20 фоиз деган жавобни танлади. Дунёда қизларнинг 20 фоиздан камроғи бошланғич мактабни битирадиган мамлакатлар – Афғонистон ва Жанубий Суданга ўхшаган истисно жойлар – саноқли ва дунёдаги қизларнинг кўпи билан 2 фоизи ана шундай давлатларда яшайди.
Одамларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги, тўйиб овқат емаслиги, сув сифати ва эмлаш даражаси ҳақида ҳам шу каби саволларни берганимизда – аслини олганда даромади паст давлатларда аҳолининг қанча қисми замонавий ҳаётнинг энг бирламчи элементларидан фойдаланиш имконига эгалиги ҳақида сўраганимизда худди шу каби жавобларни олдик. Даромади паст бўлган давлатларда умр кўриш давомийлиги 62 йилни ташкил қилади. Аксарият одамларнинг ейишга овқати бор, тоза ичимлик суви бор, кўп болалар эмланади, кўпгина қизлар бошланғич таълим олади. Жуда оз сонли респондентлар – шимпанзеларнинг 33 фоизидан ҳам кам (бу саволга тўғри жавоб берган, кўпчилик биз берган муқобиллардан энг салбийсини) ҳатто у рақам Ер юзидаги энг ёмон жойларда даҳшатли фалокатдан азият чекаётган абгор ҳаётни тасвирласа ҳам – танлаган.
Қани, қопқон ёрдамида хато тасаввурни тутайлик. Биз одамлар паст даромадли давлатлардаги ҳаётни аслидагидан ҳам аянчлироқ тасаввур қилишини билиб олдик. Аммо улар қанча одам ана шундай ёмон шароитда яшайди, деб ҳисоблайди? Швеция ва АҚШда одамлардан дунёнинг неча фоиз аҳолиси кам даромадли давлатда яшашини сўрадик. Аксарият респондентлар 50 фоиз ёки ундан кўп, деб жавоб берди. Ўртача тахмин “59 фоиз” бўлди.
Тўғри жавоб эса “9 фоиз”. Дунёнинг бор-йўғи 9 фоиз аҳолиси кам даромадли мамлакатларда яшайди. Яна шуни ёдда тутингки, бу мамлакатлардаги ҳаёт одамлар ўйлаганичалик аянчли эмас. Тўғри, кўп жиҳатдан шароитлари бошқаларникидан ёмонроқ бўлиши мумкин, аммо улар Афғонистон, Сомали ёки Марказий Африка Республикаси каби сайёрамиздаги шароити энг ёмон мамлакатлар даражасида эмас.
Хуллас, даромади паст давлатлар одамлар ўйлаганидан анча ривожланганроқ ва у ерларда ниҳоятда кам одам яшайди. Аксариси жуда абгор аҳволда яшовчи ва икки тоифага бўлинган дунё ҳақидаги тасаввур буткул янглиш.