қолгани имкон берган экан. Зеро, разведкага асосан “пролетарлар” фарзандлари олинар экан. Рус тилини яхши билган, ўзи кучга тўлган, маълумотли разведкачи хизмат топшириқларини аъло даражада бажариб борган. Ҳатто бир разведкага чиққанларида ўта керакли “тил” ушлаб келишган ва бу учун тўртовлон разведкачи ҳам қўмондонлик томонидан “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвонига тавсия қилинган.
Шунда тоғам “менга қаҳрамонлик ўрнига қариндошларимни қулоқликдан озод этинглар”, деб ариза берган. Буни қарангки, қўмондонлик тоғам аризасини эътиборга олган ва уч разведкачига “қаҳрамонлик”, тоғамга эса “Жанговар қизил юлдуз” ордени берилган. Қўшимчасига тоғам берган рўйхат асосида қариндошлари, шу жумладан, онам ҳам оккупациядан чиқишлари биланоқ қулоқликдан озод қилиниб ўз юртига жўнатилган. Улар жангчининг оиласи сифатида йўл паёклари билан таъминланган ва темир йўл ходимларининг алоҳида эътиборида бўлганлар. Бу пайт дадам оккупациядан чиқибоқ фронтга олинган ва Харьковдаги ҳарбий вагон ремонт қилиш заводига ишга қўйилган.
Салкам ўн беш йилдан сўнг Андижон вокзалига келиб тушган “қулоқлар” бутунлай янги оламга келиб қолгандай бўлганлар. Шу ерда тарқалишлари лозим эди. Кичик холам Халимахон уч ўғли билан отасиникида тўхтайдиган бўлган. Халимахон асли хонадонга келин бўлиб, катта тоғам Абдулхайнинг хотини, бизга эса момо бўлган. Аммо у аёлнинг хонадонга ўта киришимлилиги, меҳрибонлиги учун биз хола ўрнида кўрар эдик. Катта бувим, бу гал онамнинг онаси Тошманохон, қизи Сурмахон, унинг ўғли Салимжон ва кенжа қизи Озодахон билан Андижоннинг Жалабек маҳалласидаги ўзларига тегишли бўлган уй-жойларга қўниши лозим эди. Аммо онамиз “мен турмушга чиққан қизман, нима бўлса ҳам қайинотам жойларига бораман, ўша ерда бир кунимизни кўрармиз”, деб туриб олган. Бувимиз иложсиз:
– Сенинг уларга келин бўлганинг, улар фарзандидан ўғил кўрганингни эскиликлилар билмайди. Қолаверса, қайнона-қайнотанг вафот этган, эринг армияда. Украинада бирга бўлганларнинг бирортаси ҳали қайтмаган. Шунинг учун эскиликлиларга сени ўзим таништирмасам, сен ёш аёл учун бу иш жуда оғир, – деб бирга йўлга тушганлар.
Эскилик маҳалласи Андижон вокзалидан узоқ эмас, темир йўл бўйлаб шимолга юрилганда бир-бир ярим километрча бор. Етиб келиб, дадам таърифлаган Муҳаммад Имин ҳовлисини осонгина топганлар. Аммо ҳовли колхоз идораси ва омборхонаси қилиб қўйилган экан. Ичкаридан чиққан амалдор уларнинг мурожаатига:
– Қулоқнинг болаларига бу ерда жой йўқ, – деб жавоб берган.
Улар учун бу ўта кутилмаган ва нотабиий ҳолат эди. Чунки уларни украинлар анчайин тантанавор кузатган, қолаверса қулоқликнинг чегараланган муҳитида онамиз ўзбеклараро бундай қўпол муносабатни асло учратмаган эди. Шу сабаб ҳовли эшигини бутунлай бошқа кайфиятда тақиллатган онамиз довдираб қолган, ўзини йўқотиб қўйган. Шу пайт булар келганидан хабар топган, ўша пайтда колхоз омборчиси бўлган Низом почча меҳмонларни етаклаб,