Тоҳиржон Иминов

Хотира саодати


Скачать книгу

Бу ҳам у зотнинг қайғую алами, битмас армони эди.

      Мен Ҳамидуллони оқлаш ниятидан йироқман. Аммо унинг худбинсифат бўлиб қолиши ва фарзандлик бурчларини етарли уддаламаганида унинг феъл-атворидаги нуқсонлари сабаб бўлган. Уларнинг шаклланишида эса ташқи омиллар, унинг ёшлиги кечган муҳитнинг таъсири кучли бўлганлигини эслатиб ўтмоқчиман, холос. Бу эса ота билан фарзанд ўртасида чуқур жарлик пайдо қилдики, фарзанд бу жарликдан нарига ўтишга ўзида ҳеч имкон топа олмади. Оқибат бундай фарзандни большевиклар мафкураси ҳам инкор этди, ўғил ичкиликка берилди, умрини ёлғизликда якунлади.

      Яна бир фикрим, жамиятнинг покланишида, мамлакатнинг замонавий Ислом маданияти, ахлоқий қадриятлари, мезонлари устувор бўлган жамиятга айланишида халқни ўз ортидан илғор мақсадлар сари етаклаб борувчи, адашганларни тўғри йўлга сола оладиган, маънавият, маърифат, эътиқод ривожи борасида авлодлар ўртасида бир кўприк вазифасини ўтай оладиган инсонлар қатламининг етишиб чиқиши зарурлигини таъкидламоқчиман. Акс ҳолда “маънавий инқироз” белгилари кучаяверади, бу эса охир-оқибат “жамият инқирози”га олиб келиши мумкин. Қачонки халқ Оллоҳ ҳаром қилган жонзот гўштини сотганга, фоҳишаликни “сабаби тирикчилик” деб ўтганга, очиқ равишда лўттибозлик, алдоқчилик қилганга бефарқ қараб турмайди, ўшанда бу халқнинг ахлоқий ва маънвий поклиги таъминланади. Ўшандай салбий ҳолатлар кўриниш берганда “маънавият посбонлари” дарҳол ўз сўзларини айтади, бегона маслакнинг илдиз отмаслиги учун зудлик билан чора кўрилади.

      Тўғри, “маънавият посбонлари”ни қисқа муддатларда шакллантириб бўлмайди. Улар узоқ муддатда халқ орасидан сайқалланиб етишиб чиқади. Бунинг учун эса халқимизда керакли имконият мамлакатимизда эса зарур муҳит мавжуд.

      Яна шуни таъкидламоқчиманки, юксак маънавиятга эга янги қатламни етиштириб бериш, аввало, ўша юқорида санаб ўтилган “манавият посбонлари”нинг яшаб келаётган авлодларининг ҳам вазифасидир. Зеро, уларнинг томирларида буюк аждодларининг қони оқмоқда, ирсий белгилари (генлари) ҳаёт кечирмоқда, айнан ўшалар биринчи навбатда, бундай вазифани бажаришга маънавий жиҳатдан бурчлидирлар.

      Домла почча ҳақида гап кетганда, 20-30-йилларда республикамизда большевиклар томонидан амалга оширилган “маърифий қатағон” ҳақида тўхталмай бўлмайди. Сўз тузум томонидан режали ҳамда чуқур мақсадни кўзлаб амалга оширилган алифбони алмаштириш ҳамда араб имлосида битилган ҳар қандай босма асарни йўқ қилиш жараёнлари ҳақида бормоқда. Мен бу жараёнларни “маърифий қатағон” деб номлашимга сабаб, уларнинг мазмунан бошқача аталишига имкон йўқлигидан бўлди.

      Тўрахон домла, айниқса, 1929 йил Ўзбкистонда араб имлосидан лотинчага ўтишни оғир қабул қилди. Ҳам араб ёзувида келиб турган ахборот манбаининг тўхтаб қолиши, ҳам арабий имлога ўрганган юртдошларининг бирдан саводсизга айланиб қолганини кўриш бу инсон учун жуда азобли эди. Жуда қисқа муддатда, ўн йил ҳам ўтмай, имлода яна