Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

миллатимизнинг руҳи жойлашган. Бу ерни таламоқчи бўлганлар олдин бизнинг жонимизни суғуриб олишсин!” Шу манзарани кўра туриб: “Миллат руҳи учун жон куйдирувчилар бор экан, бундай миллат ўлмайди”, – деган фикр хаёлимга келган эди. Ҳусни Муборак тахтдан тушиб, ғалаёнлар давом этавергач, фикрим ўзгарди.

      Шаҳар сайрига чиққан подшоҳ рўбарўсида гадо пайдо бўлиб тиланди. Подшоҳ унга битта олтин танга бериб, ўзининг сахийлигидан ўзи мамнун ҳолда жилмайди. Гадо эса, норози оҳангда:

      – Эй подшоҳим, ҳисобсиз хазинанг бўлгани ҳолда ўз укангга биттагина танга беришдан уялмадингми? – деди.

      Бу гапдан подшоҳ ажабланди:

      – Ие, қачондан бери сен менинг укам бўлиб қолдинг?

      – Нечун ҳайрону лолсан подшоҳим, ахир сенинг насабинг Одам Ато билан Момо Ҳавводан бошланмайдими? – деди гадо.

      – Ори-ори, сўзларинг рост, – деди подшоҳ.

      – Менинг насабим ҳам шундай: икковимизнинг ота-онамиз Одам Ато билан Момо Ҳавво бўлгач, оға-ини ҳисобланмаймизми?

      Баён қилганим тиланчининг гапи латифанамо ривоятга ўхшагани билан исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир. Буни илм тилида “аксиома” дейдилар.

      Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳудан: “Сенинг отанг ким?” – деб сўраш-ганида у зот: “Менинг отамга малоикалар сажда қилишган”, – деб жавоб қайтарган эканлар.

      Алқисса, дунёда яшаб турган одам болалари ватанлари, миллатлари, ирқларидан қатъи назар, оға-инидирлар. Бу ҳақиқатни барча идрок қилар, деб ўйлайман. Мени ажаблантирган нарса: асли насаблари бир эканини билганлари ҳолда одамлар ўзаро ёвлашадилар. Катта-кичик урушларни бошлашдан чарчамайдилар. Ажабланарлиси шуки, жанг майдонининг у томонидагиси ҳам, бу томонидагиси ҳам Худога бир хилда муножот этади: ўзига омонлик, рўпарасидагиларга эса ўлим тилайди. У душман деб ҳисоблаб, ўлим тилаётган одамининг ким эканлигини билмайди. Унинг ҳам оиласи, фарзанди тақдирини ўйлаб, руҳан азоб чекаётгани ҳам номаълум. Уруш қайси бир томон учун ғалаба билан якун топади, аммо жонини гаровга тиккан, муҳораба азобларини тотган жангчи учун ҳеч қандай манфаат йўқ. У қиёмат жанглардан омон чиққанига шукур қилади, холос.

      Аллоҳ “урушманглар, бир-бирларингга зулм қилманглар”, деб буюргани билан урушаверадилар, уруша туриб Яратгандан паноҳ сўрайдилар, қирадилар, қириладилар.

      Маккаи мукаррамада, Байтуллоҳда кузатиб эдим: ҳажарул-асвад қар-шисида икки ҳожи ёнма-ён ибодат қилишарди. Уларнинг бирлари эронлик, иккинчиси Ироқдан эди. Бир дин, ҳатто бир мазҳабдаги бу икки одам неча йил аввал ўз мамлакатлари манфаатлари учун қўлга қурол олган эдилар. Жанг майдонининг икки томонидан туриб олиб бир-бирларини ўлдирмоқ қасдида ўқ узган эдилар. Улуғ марҳаматли Аллоҳ уларнинг жонини сақлаб қолиб, бу муқаддас уйда уларни учраштирди. Ибодатдан сўнг улар бир-бирларига салом бериб, туғишган биродарлар каби қучоқлашиб кўришдилар.

      Одам болалари ҳамиша шундай яшасалар бўлмасми экан?

      Донишмандлардан