Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

Лекин имомликка даъвогар, бу ғалвани бошлаётган одамнинг билими ниҳоятда саёз, тажвиди ҳам норасо. Лекин талаб қилувчиларни бу қизиқтирмайди, чаламулла бўлса-да, шу маҳалла одами имомлик қилсин. Бу талабда маҳаллийчиликдан ташқари жоҳиллик ҳам зоҳир эди. Менинг фикрим билан қизиқишган эди, дедим-ки, агар намоз аввалида имомликка икки киши даъвогар бўлса, ислом одатига кўра уларнинг билимлироғи ўтади. Имомнинг қаерлик экани эмас, билими даражаси муҳим. “Ўзимиздан бўлсин!” деган талабингизни нима учун масжид қурилиши пайтида айтмадингиз? Маҳалламизда усталар кўп эди-ку, нега хоразмликлар ғишт теришди? Сантехникларимиз ҳам кўп, нега ароқхўр рус ишчиларини ишлатдингиз? Муҳтарам ҳожи ота-лар, ҳажга борганингизда нега бошқа мазҳабдаги араб имомига иқтидо қилиб намоз ўқидингиз, шу маҳаллалик имомингизни бирга олиб кетсангиз бўлмасмиди?”

      Бизнинг бу гапимиз таъсир этмади, ўшанда маҳаллийчилик ва жо-ҳиллик устун келди, афсусимиз шундан. Лекин вақт – олий ҳакам, чаламулланинг имомлик фаолияти узоққа чўзилмади.

      “Шу йигитни ишга олайлик, ўзимизнинг Бухородан”, “Бўш ўринга ўзимизнинг чустлик қизнинг номзодини кўрсатиш керак”, “Ўғлим бойсунлик қизни яхши кўриб қолибди, унга уйлантирмайман, ўзимизнинг Деновда шунча гўзаллар турганда Бойсунга бош эгиб бораманми?”…

      Бу каби нодонликлар қачонгача давом этаркин, ҳайронман!

      Бугун келажакда буюк давлат бўлиш умиди билан яшаётган эканмиз, тилимиздаги “Қаерликсиз?” деган саволдан воз кечайлик. “Биз бир миллатмиз!” деган руҳ вужудимизга сингмас экан, орзу орзулигида қолиб кетаверади.

* * *

      Нима учун ёзувчи бўлганим сабаби билан қизиқишади, билганлар: “Тоғаси ёзувчи бўлгани учун шу йўлни танлаган”, – дейишади. Бу гап ҳам ўринли. Тоғамнинг яна йигирмата жиянлари бор, лекин уларнинг барчаси адабиётдан ғоятда узоқ. Афсус билан айтаманки, ҳатто китоб ўқимайдиганлари ҳам бор. Тақдир Аллоҳ томонидан белгиланади. Касбга доир қобилият берилади. Дейдиларки, “Агар Аллоҳ бермаган бўлса, эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайсан”. Аллоҳ бировнинг тақдирига заргарликни, бошқасига кимёгарликни битади. Шунга яраша иқтидор беради. Ёзувчилик ҳам шундай. Русларнинг адиби: “Ёзувчиликнинг бир фоизи истеъдод, тўқсон тўққиз фоизи меҳнат”, – деган экан. Ёзувчи учун истеъдод ҳам керак, тинимсиз меҳнат ҳам лозим. Лекин “1%+99%” тарзида эмас. Балки мутаносиблик “100%+100%” бўлиши керак. Лекин ҳаётда бу мутаносибликнинг бузилиш ҳоллари кўп кузатилади. Истеъдоднинг қай даражада берилиши ҳам Аллоҳнинг ихтиёридадир. Лекин озми-кўпми бўлган бу истеъдоднинг қандай ишлатилиши банданинг ақлига боғлиқ. Кузатамизки, қайсидир касб эгасига Аллоҳ улуғ истеъдод берган, лекин у ўзининг танбаллиги ёки мансабпарастлиги ёки маишатпарастлиги ёки дунёпарастлиги туфайли бу истеъдодни исроф қилади. Билиш жоизки, нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, Аллоҳ берган истеъдодни исроф қилиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

      Баёним аввалида ўз уйимиз бўлмагани, беш фарзанд ижара уйларда туғилганини айтиб эдим. Акаларим