экан. Синчдан қурилган бақувват уйнинг вайроналигини тасдиқловчи ҳужжатни ким берган, боғчага ажратилган жойни ким унга инъом этган – бу “ҳарбий сир” бўлса керак. Махфий бўлмаган ҳолат шуки, бир ёш адибни бугун ҳарбий хизматдан олиб қолиб, эртасига “хизматга лаёқатсиз” деган қизил гувоҳнома олиб бериш унга писта чақиб ташлашдай осон бир юмуш эди. Мен эсам бу хизмат эвазига унга умрим бўйи адабий котиблик қилишга мажбур бўлардим. Бу “маданий қуллик”дан кўра бир йиллик хизматни афзал билдим.
Иккинчи қисм
БИР ЙИЛЛИК ТАНАФФУС
Тўрва-халтани елкага осиб
Ноябрнинг сўнгги кунида мингдан зиёд йигитни сафга тизиб, темир йўлнинг юк ташиш бекати томон бошлашди. Кўчада транспорт ҳаракати тўхтатилди. Ўртада халта орқалаган йигитлар сафи, четда муштипар ота-оналар, дўстлар… Яхшики, ҳаракат осудалик билан давом этди. Агар бир ғаламиснинг ҳаракати билан тўс-тўпалон бошланса, қиёмат-қойим бўлиши ҳеч гап эмасди.
Орадан ярим йил ўтгач, Россиянинг Липецк шаҳрига бориб йигитларни хизматга олиб келишда иштирок этдим. Мингдан ошиқ йигитни юзга яқин одам кузатди. Бундай солиштиришимга сабаб, биз билан уларнинг меҳру оқибатидаги тафовутни кўрсатиш. Рус йигитларининг кўпи ҳарбий хизматдан кейин уйига қайтмайди, айримлари хизматни давом эттирадилар (буларни “макарон” деб атаганлар ва аскарлар улардан нафратланганлар), баъзилари бошқа шаҳарларга бахт излаб кетадилар. Афсусларким, бу нодонлар бахтни ота-оналари бағридан изламайдилар.
Йигитлар билан тўлган эшелон шомда йўлга тушди. Тартиб-қоида бўйича кузатувчилар йигитларни емак-ичмак билан таъминлашлари шарт эди. Аммо беш кеча-кундузлик йўл давомида бир бурда ҳам нон беришмади. Бундан ҳеч ким ранжимади, ҳақини талаб ҳам қилмади. Чунки ҳар бир йигитнинг халтасини ота-онаси ош-нон билан тўлдириб берган эди. Таом бериши шарт бўлган кузатувчи ҳарбийлар бизнинг мусофир дастурхонимизга шерик бўлиб ўтирардилар (Липецкдан қайтишимизда билсам, бир вагон озиқ-овқат билан тўла экан. Манзилга етгунча йигитлар “вагонни бўшатган” эдилар).
Бешинчи куни поезд чўлдаги кичик бекатда тўхтади. Совуқ шамол ойнаклар тирқишидан кириб, вагонни бирпасда музхонага айлантириб қўйди. Сал нарида уч-тўрт пастак дарахт кўзга ташланади. Ёмғирдан кейин ёпирилган совуқ шамол дарахт шохларини муз-сумалакка айлантириб қўйган. Атроф худди эртак кинолардаги муз салтанатига ўхшайди. Шамолда сумалак-шохлар бир-бирига урилиб, ажиб товуш чиқаради.
Пастга тушиб сафландик. Ҳамма қишлик кийимда бўлса-да, бунақа совуқни тасаввур ҳам этмаган, ўттиз даражали совуқда, чўл шамолида туриш осон эмасди.
– Тоҳир ака, бу совуққа чидай олмаймиз, шу ерда ҳаммамиз ўлиб кетсак керак, – деди йигитлардан бири йиғламсираб.
– Қўрқманглар, ўлмаймиз. Қаранглар, икки-учта чумчуқ юрибди, чумчуқ чидаган, биз ҳам чидаймиз,-деб уларга далда берган бўлдим.
Шу совуқда пиёда йўлга тушдик. Қаерга келганимизни