ишимиз ҳам ҳарбий хизматга ўхшайди, милиция кийимини киясиз, тартиб ҳам ҳарбийчасига, – деди у.
Ҳозир кўп ёшлар милицияда ишлашга интилади. У дамда аксинча эди. Ҳарбий хизматдан қайтганларни комсомол йўлланмаси билан олишарди. Милициянинг обрўи ҳам яхши эмас, ҳатто баъзи оилалар милиционерни куёв қилишдан орланарди. Милиция либосини кийиб юриш менга ҳам ёқмади. Маслаҳат сўраб, тоғамга учрадим. “Мақсадим бутунлай қолиш эмас, чақирувни бир-икки йилга суришса, ишга жойлашиб, ижодда ҳам нимадир қилишга улгуриб олардим”, – дедим.
Эртасига тоғам, дўстлари ҳамроҳлигида бордик. Полковник Бобоевга мақсадни узоқ тушунтиришга ҳожат бўлмади. Гап бошланиши билан:
– Бу иш қийин эмас, ҳужжататини ҳозироқ олиб, кейинги йилларга қолдиришим мумкин. Лекин, ҳарбий хизматчилик, ўзингиз биласиз, мен бугун бу ердаман, эртага мен кетиб, ўрнимга келган одам барибир чақиртиради. Ёшлари ўтиб боргандан кўра, ҳозир бориб келганлари маъқул. Бир йил тез ўтиб кетади.
Наби ака тоғамга, тоғам эса менга қарашди.
– Бўпти, бориб келавераман, – дедим.
Ботир Бобоев тўғри маслаҳат берган эди. Ҳарбий хизматдан қайтганимда у киши истеъфога чиқиб кетган эканлар. “Постда” газетасида ишлашни хоҳламаганим ҳам тўғри бўлган экан. Талабалар шаҳарчасида юз берган фожиа – оммавий муштлашув ҳақида хабар бергани учун бу газетани ёпиб қўйишибди.
Тиббий кўрикдан ўтиш, “эрта кел, индин кел”, дейиш қарийб бир ой давом этди. Шундай кунларнинг бирида вилоят “чақирув маскани”да шоир Устамонийни учратдим.
– Нима қилиб юрибсан? – дедилар.
– Хизматга кетяпман.
– Шу ерда тура тур, мен ичкарига кириб чиқаман, сени олиб қоламан.
– Раҳмат, ака, ўзимнинг боргим келяпти.
У киши гапимга ишонқирамай ичкари кириб кетди. Назаримда кимнидир олиб қолиш ҳаракатида эди. Имоним комилки, ичкаридан бўшашиб чиқмайди. Хўп, десам мени қолдириши ҳам аниқ эди. Шу туфайли ўзимни панага олдим.
Устамоний шоир сифатида заиф, журналист сифатида эса жуда пачоқ эди. Деярли барча таҳририятларни безор қилиб юборарди, шулар қаторида болалар матбуотини ҳам тинчитмас эди. Тўрт-беш саҳифалик мақола олиб келиб, “Ҳеч бўлмаса тўрт қатор хабар қилиб чиқариб бергин”, деб туриб оларди. Бирон раис ёки катта-кичик раҳбар ҳақидаги тўрт қатор хабардан у катта фойда олишини билиб турардик.
Бу кишининг тадбирлари, топқирлиги ҳақида кўп гаплар юради. Шулардан бирини – Ғафур Ғуломнинг уйига пишиқ ғишт туширганини аввалроқ баён қилиб эдим. Агар бу киши шоир эмас, дипломат бўлганида анча-мунча давлатларнинг бошини айлантириб ташлар эди, деб ўйлайман. Бу кишининг ҳийлалари ҳақида сўз кетса: “Агар СССР ташқи ишлар министри бўлса, Американи икки кунда тиз чўкдириб беради”, – дейишарди.
Бир куни Устамоний шошилиб келиб, қўлимга мақола ёзилган қоғозни узатди.
– Кейинги сонга тайёрла, Суроб акангнинг хабари бор, – деб қоғоз халтадан битта лимон олиб, менга узатди: – Чингиз Айтматовга атаб олдим, сен ҳам Чингиз акангга ўхшаб юргин.
“Бу