ака худди ўз тенгқурлари билан гаплашгандай суҳбатлашдилар. Гаплашганда ҳам бозордаги нарх-наволар эмас, адабиёт муаммолари бўйича фикр юритдилар. Адабиётга, хусусан, айрим асарларга бўлган муносабатим билан қизиқдилар. Саволлар мени синаш мақсадида берилмаган эди. Гап мароми худди икки ижодкор дўстнинг суҳбати каби эди. Бундан мен бир оз хижолат ҳам бўлардим. Ўлмас ака хижолатимни сезиб, янада самимийроқ, янада соддароқ тарзда гаплашмоққа уринардилар. Бир маҳал кутилмаганда:
– Ҳозирги замон романи қандай бўлиши керак? – деб сўраб қолдилар. Мазкур саволга тайинли жавоб бермоғим мушкул эди. Ўшанда Ўлмас аканинг ўзлари мени бу қийин аҳволдан қутқариб, янгича романга муносабатларини билдирдилар:
– Ҳозир ёстиқдай-ёстиқдай, “семиз” китоблар ёзиш вақти эмас, бунақа китобларни ўқишга ҳозиргиларнинг тоқати етмайди. Энди китобхонга ихчам, мағзи тўқ романлар керак. Тез ўқишсин, аммо кўпгина маъно дурларини теришсин…
Ўлмас аканинг ўшанда “Одам бўлиш қийин” деб номланган биринчи романларини ёзаётганларини кейинроқ билдим. Суҳбатдан бир неча ой ўтгач, ҳарбий хизматга чақирилдим. Хизматимнинг адоғига яқин дўстим Абдужалил Зокировдан бир китоб олдим. Қарасам, Ўлмас аканинг янги китоблари. Ўзлари айтгандай ихчам, ўзлари айтгандай, бош кўтармасдан бир зарбда ўқиб чиқиладиган асар, мағзи тўқ роман. Аскар йигитлар китобни қўлма-қўл қилиб ўқишди. Бирови ўқиб бўлгунича бошқасининг сабри чидамай талашган вақтлари ҳам бўлди. Асар қаҳрамонларининг тақдири уларни бефарқ қолдирмади. Айниқса, Гулчеҳранинг тақдири севги ёшидаги аскар йигитларнинг дилини поралаб юборган эди.
Ўшанда Ўлмас ака роман ёзишлари билан икки томонлама синовга дуч келган эдилар: биринчиси – ўттиз беш ёшга кирган адиб ўша давр қаричи билан ўлчанганида “ёш ёзувчи” деб ҳисобланарди. “Ёш ёзувчи”нинг эса роман ёзиши кўпчиликка ғалати туюларди. У дамда ёш ёзувчиларнинг “романчилик довонини” ошиб ўтмоқлари осон эмасди. Чунки роман ёзган адиб энди етук ижодкорлар сафига ўтарди. Иккинчиси – “ёш ёзувчи” ёзган романнинг ҳажми кичик. Бошқаларники каби “семиз” эмас. Бошқалар каби синалган йўлдан юрмаган.
Романдаги баён услубининг ўзича равонлиги, қаҳрамонлар руҳиятининг атрофлича таҳлил этилганлиги, ҳаёт фалсафасининг теран акс эттирилиши ҳар икки синовдан муваффақиятли ўтишни таъминлаган.
Ўлмас аканинг вафотларидан кейин танланган асарлари нашрга тайёрланди. Биринчи жилдга камина муҳаррирлик қилдим.
“Бунчалар ширинсан, ҳаёт!”
Ўлмас Умарбековнинг асарларини ўқий туриб шундай деб ҳайқиргинг келади.
“Бунчалар бешафқатсан, ҳаёт!”
Ўлмас Умарбековнинг қалбида туғилиб, қоғозга кўчган асарларни ўқиб бўлгач, беихтиёр шундай деб юборгинг келади.
“Бунчалар маккорсан, ҳаёт!”
Ўлмас Умарбековнинг ҳаёт сўқмоқларида адашган қаҳрамонлари билан танишгач, “макр ва муҳаббатнинг илдизлари қаерда экан?” – деб ўйлай бошлайсан.
Ёзувчининг