асарларидаги қаҳрамонларига муносабатда ҳам кўрамиз. Ёзувчи ўзлари севган қаҳрамонларига ҳам, асардаги сериллат одамларга ҳам “азизим” деяётгандай туюлади. Кўпчилик адибларга хос одат – ёмон одамни булғаб ташлаш Ўлмас ака ижоди учун ёт нарса. Ёзувчи ёмон одамга лаънат ёғдирмайди, нафратини баён қилавермайди, балки ёмонликнинг охир-оқибатини кўрсатиб қўя қолади. Ёзувчининг бундай сатрларини ўқиган одам ҳаётдан безмайди, балки яхшиликка умид қилиб яшамоқ лозим экан, деган ҳақиқатни англаб етади.
Адабиётда турли йўналишлар мавжуд. Баъзилар бадиий асар ҳаётнинг бешафқатлигини қуюқ бўёқларда тасвир этмоқ керак, токи ўқувчи ўзини бу кўргуликларга тайёрласин, нохушликларга дуч келганида довдираб қолмасин, дейишади ва шу йўсинда ёзишади. Оқибатда, ҳаётга муҳаббат ўрнига нафрат уйғотиб қўйишади. Шу ўринда адабиёт ўзининг асосий вазифасидан чекинади. Аммо ҳаётга нисбатан нафрат уйғотмасликни қуруқ маддоҳлик қилмоқлик шарт, деб тушунмаслик жоиз. (Адабиёт тарихида бундай ҳоллар ҳам бўлган. Конфликтсизлик, яъни “зиддиятсизлик назарияси” деган замонлар, шу назария асосида яратилиб, яралгани ҳамон ўлимга ҳукм бўлган асарлар ҳали кўпчиликнинг ёдида. “Совет жамиятида зиддият, қарама-қаршилик йўқ, бу жамиятда барча озод, бахтиёр, ҳаммаёқ обод”, деган ёлғонни ҳақиқат байроғи сифатида тақдим этиш узоқ яшамади).
Яна бир йўналиш тарафдорлари “адабиётда энг муҳими – жиддий гап айтиш, долзарб муаммони кўтариш”, деган талаб билан яшади. Оқибатда адабий асар қаҳрамонларининг оёқлари ердан узилди. Ҳаётда бегона одамдай юрдилар. Долзарб муаммо эса пахтадан мўл ҳосил олиш учун курашдан иборат бўлди.
Яна бир тоифа ҳаётни танқид қилишга кўпроқ эътибор бериш тарафдори бўлди, оқибатда насрда ҳам, назмда ҳам асабий, бақироқ асарлар вужудга келди.
Бошқа бир тоифа эса рамзийлик билан мавҳумликни фарқламай, аралаштириб юборди. Асарларига одамлар тушунишмаса, “Бу ерда ақлли гап бор, келажак авлод англайди”, деб изоҳ беришди.
Бу йўналишларни рад этмай, ёки пастга урмай, уларни изланишлар самараси деб баҳолайман. Уларнинг қанчалик яшамоғини вақт кўрсатади. Балки чиндан ҳам келажак авлод “шимолий музликларда, айсберг чўққисида ғўза шоналади”, деган сатрларни ўқиганда “ҳа, йигит бечора севиб қолибди-да”, деган маънони англар. Лекин ҳозирги авлодга, бизнингча, содда, равон, самимий тарзда ёзилган асарлар ёқади. Ўлмас Умарбеков асарларининг севиб ўқилиши айнан шундан.
Ўлмас аканинг асарларидаги соддалик, равонлик жиддий масалаларни четлаб ўтиш ёки рад этиш эвазига эмас. Маълум ҳодисаларга нисбатан танқид йўқ, деб ҳам бўлмайди. Бу ерда гап баён этиш услубининг самимийлигида. “Ер ёнганда”, “Менинг ўғилбола жияним”, “Ойнинг олтин ўроғи” каби ҳикояларини ўқиган бўлсангиз, фикримга қўшиларсиз.
Сир эмаски, йўналишлар, аниқроқ айтилса, катта-кичик гуруҳлар ўз ғоялари байроғини баланд кўтариш мақсадида, ўзгачароқ ёзадиган адиб-ларга танқид кўзлари билан қарадилар.