Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

куни йўлга отландик. Тўпланиш манзилидан бекатга қадар йўл узоқ эмасди. Аввал айтганимдай, мингдан зиёд йигитни юзга яқин одам кузатди. Йиғи-сиғисиз, шовқинсиз кузатиб қолишди. Йигитлар вагонларга жойлашгач, қоровулларга ўқланмаган эски милтиқларни беришди. Ортиқча юкни елкага осиб хизматни давом эттирдик. Бошқа қоровул билан навбат алмашгач, Миртўланинг хонасига бордим. Бир вагоннинг ярми “санчаст” қилиб жиҳозланган эди. Миртўла билан гаплашиб ўтирган эдик, командир кириб стол устидаги икки кесим нонни кўриб:

      – Сенларга ҳеч нима беришмадими? – деб сўради.

      Миртўла иккаламиз бир-биримизга қарадик: “бизга нима беришлари керак эди?”

      Командир сўкинганича чиқиб кетди, дам ўтмай таъминотчи кириб менга “юр”, деб буюрди. Бир вагон озиқ-овқат билан тўла экан. Ҳарбийча сафар халтани тўлдириб берди. Икки киши бир ой есак ҳам бунча нарсани тугата олмасдик. Қоровулликка навбатим келганида анчасини олиб бориб йигитларга бердим. Ўша пайтда мени “Тоҳир ака” деб таниган рус йигитлар то декабрь ойига қадар мени ўз акасидай иззат қилиб юришди.

      Қисмга қайтган кунимизнинг эртасига ҳаммамизни ҳисобхонага чақиришди. Молиявий ҳисоб топширишимиз керак эди. Миртўла “пулни ишлатиб қўйманг”, деганимни ўшанда англади. Мен таҳририятда ишлаганимда ижодий сафарга кўп чиқардим. Сафар олдидан “аванс” деб аталувчи пул гўё қарзга бериларди. Сафардан қайтилганда поезд чипталари, меҳмонхона қоғозлари кўрсатилиб, ҳисоб-китоб қилинарди. Бу борада идораларнинг ҳукумат белгилаб қўйган киши билмас қинғирликлари бор эди. Масалан, Бухорога борилди. Уч кун шаҳарда турилди, тўрт кун қишлоқда. Шаҳардаги уч кунга емак-ичмак учун икки сўмдан берилса, қишлоқдаги тўрт кунга бир сўм қирқ тийиндан тўланарди. Меҳмонхона ҳақида ҳам шундай фарқ бўларди. Хуллас, эллик сўм аванс олиб кетган мухбир бу нозик ҳисоб-китобларни билмаса, олганининг қарийб ярмини қайтариб беришга мажбур бўларди. Бизнинг азамат сержантлар, шубҳасизки, бундан бехабар эдилар. Олганларининг ҳаммасини еб-ичиб тугатгандилар. Ҳисоб-китоб тугаши билан Миртўла икковимиз ортган пулларни тийин-тийинигача қайтариб бердик. Сержантлар эса икки-уч ойга қадар маошларидан тўладилар. Уларнинг бу аламлари ҳолва эди. Орадан ярим йил ўтиб, уйга қайтадиган пайтимизда яна ҳисоб-китоб бўлганда мен улардан кўпроқ пул олдим. “Биз икки йил хизмат қилдик, Хабилов бир йил хизмат қилиб биздан кўп пул оладими?!” – деб ғалва кўтаришди. Дарров ҳисоблаб беришди: улар хизматлари учун ойлик маош олардилар ва кийим-кечакларининг ҳақини тўлашлари шарт эди. Мен курсант – ўқувчи ҳисобланардим ва мен бундай тўловдан озод эдим…

      Қудуғини излаган шоир

      Липецкдан қайтган кунимизнинг кейинги якшанбасида СССР Олий Советига сайлов бўлди. Шу муносабат билан бадантарбия машқлари бекор қилиниб, курсантларни сайлов манзилига бошлашди. Ҳарбий қисмлар ўртасида овоз беришни биринчи бўлиб якунлаш бўйича ҳам норасмий мусобақа бор экан. Беш юздан ортиқ бола ярим соатда овоз бериб бўлди. Казармага қайтмоқчи эдим, старшина тўхтатди:

      – Бир