Марсларни,
Гижинглатиб юрар “Мерс”ларни.
Қолдирмасин экан дарсларни,
Навоийнинг набиралари.
Чиннидай оқ дорилфунунлар,
Сизга – йиллар, сизга бу кунлар.
Илм ишқида бўлинг Мажнунлар,
Навоийнинг набиралари.
Қадим замон, Ҳақ замонидан,
Олтин чиққан олтин ёнидан,
Сиз ҳам ўшал олтин конидан,
Навоийнинг набиралари.
Интилсангиз – бир кун етгайсиз,
Манзилларга зиё элтгайсиз.
Фарҳод-Ширин бўлиб кетгайсиз,
Навоийнинг набиралари.
Куртак ёзар пайвандларингиз,
Унутманг ҳеч: дилбандларингиз,
Туғилажак фарзандларингиз –
Навоийнинг набиралари.
Ҳазрат бобо Сўзни ўйлаган,
Қанча қошу кўзни ўйлаган.
Асли ул зот Сизни ўйлаган,
Навоийнинг набиралари.
Эл-юрт омон, даврон саломат,
Яратгандан Сизга каромат.
Ҳаёт ўзи айлар хушомад,
Навоийнинг набиралари.
Умр асли – насиб ё насиб,
Ҳар дилга бир гул мутаносиб.
Навоийга бўлсин муносиб
Навоийнинг набиралари.
САМАРҚАНД ОСМОНИ
А. Қутбиддинга
Боқиб Самарқанднинг боғ-гулзорига,
Шу улуғ кунларни сезиб тургандай –
Гўё булутларнинг оқ тулпорида
Соҳибқирон бобо кезиб юргандай.
Аввал осмонларда яралгай зафар,
Сўнг Ерга туширгай руҳ озодалар –
Дунёга келгайлар мард ва музаффар,
Темурхон юртида Темурзодалар.
«Навоийнинг ғазаллари…»
Навоийнинг ғазаллари –
Сўздан унган ватанлар,
Дил қонидан, кўзёшидан суғорилган чаманлар.
Бунда булбул ўлса агар – гул қонига ювгайлар,
Бунда ошиқ ўлса агар гулдин бўлур кафанлар.
ДИЙДОР
Ота уйимизда ёзу куз, баҳор,
Ака-укалару опа-сингиллар,
Тўпланган пайтлари такрор ва такрор,
Порлагандай бўлар ўнлаб қандиллар.
Қуюқ хотиралар пиёласидан
Эсдаликлар ичиб ўлтирар онам.
Дийдору шодликлар шалоласидан
Барча хандон бунда,
Дўсту ёрон жам.
Тиниб қолгандайин гўё атайин
Ёғоч сўримизнинг тепасида ой.
У ҳам совуб борар тун ўтган сайин,
Мисли бир пиёла тўла сариқ чой.
Баҳор келаверсин такрор ва такрор,
Бизнинг тонгимизни ғариб шом қилма.
Давом этаверсин ҳаёт ва дийдор,
Худо, шу дамларни паришон қилма.
ДИЛ
Худо менга берган олам
Ер, осмони билан келган.
Худо менга берган далам
Буғдой, нони билан келган.
Худо менга берган болам
Нигоҳбони билан келган.
Худо менга берган алам
Гиёҳ, дони билан келган.
Худо менга берган нолам
Сиёҳ ‒ қони билан келган.
Худо