Эркин Рахмонов

Бадиият жозибаси


Скачать книгу

оламиз:

      Чин санинг чини сари зулфунга чин етгай эдим,

      Шона бирла солмасанг чин зулфунга юз инқилоб.155

      Қуйидаги байтда Ҳофизнинг кўпроқ бу соҳага киритган янгилиги гувоҳи бўламизки, бу маҳорат шоир новаторлиги далилидир:

      Жон кўзина хоке тиласам сурма қилурға,

      Сурма эшикингдин мани, чун сурма аёндур.156

      Ҳозирги ўзбек шоирлари ҳам байтда кўп тажнис қўллаш мусобақасида мумтоз шоирлардан ортда қолишмаяпти. Чунончи, Эркин Воҳидов бу соҳада ҳамиша ғолиб:

      Тонг эмас бу тонгда бўлсам

      Мен хаёл обида ғарқ,

      Тонг қилибдур чунки кўнглим

      Бу хаёлдек обида.157

      Бу байтда иккита жинсдош сўздан бешта тажнис кўрсаткичи бор: шоир “тонг” сўзини уч маънода уч тажнис кўрсаткичи қилиб олган ва “обида” жинсдош сўзларини “сувида” ҳамда “ҳашаматли бино, қаср” тарзида икки тажнис кўрсаткичи қилган.

      Уч ва тўрт кўрсаткичли тажнис намуналари туюқларнинг асосий қисмида учрайдики, бунга тўхталиб ўтириш ортиқча бўлса керак.

      Талмеҳ санъати

      Шоир ёки адиб гап, байт ва мисрада қуйидаги ҳолатларда талмеҳ санъатини қўллайди:

      ∙ бирор асотир қаҳрамони исми шарифи айтилган ёки у билан боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

      ∙ бирор тарихий шахс исми шарифи ёки унга боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

      ∙ бирор адабий қаҳрамон исми шарифи ёки унга алоқадор воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;

      ∙ пайғамбарлар, азиз-авлиёлар ёки диний арбоблар исми шарифи зикр этилган ёки уларга дахлдор бирор воқеага ишора қилинганда;

      ∙ бирор китобга ишора қилинганда;

      ∙ бирор шеърга ишора қилинганда;

      ∙ бирор байтга ишора қилинганда;

      ∙ бирор сўзга ишора қилинганда;

      ∙ бирор гапга ишора қилинганда;

      ∙ бирор мақолга ишора қилинганда;

      ∙ бирор ибора-маталга ишора қилинганда;

      ∙ “Қуръон”нинг бирор оятига ишора қилинганда;

      ∙ Муҳаммад алайҳиссаломнинг бирор ҳадисларига ишора қилинганда;

      ∙ воқеа ёки ҳикоя талмеҳи.

      Ана шу тасниф-таърифимиз талмеҳ санъати амалиётининг нечоғлик кенг ва теран фикрлар ифодасига яроқли бадиий санъат эканлигини маълум маънода кўрсатиб туради.

      “Ал мўъжам фи маоири ашъор ил Ажам” китобининг муаллифи Шамс Қайс Розий талмеҳга қуйидагидек умумийгина таъриф бериш билан чекланган эди: “Талмеҳ он аст, ки алфози андак бар маънии бисъёр далолат кунад” (Талмеҳ шуки, озгина сўзлар кўплаб маъноларни ифода этади).158 Талмеҳ санъатининг моҳиятини Атоуллоҳ Ҳусайний аниқроқ тушунтиради: “Талмеҳ каломда машҳур қисса ё машҳур нодир шеър ёки машҳур мақолга ишорат этмактин ибораттур”.159 (академик Алибек Рустамов таржимаси).

      Адабиётшунос Т.Н.Зеҳний “Санъатҳои бадей дар шеъри тожики” китобида ёзадики: Бадиий адабиётда тарихий воқеаларига, асотирлар, афсонаю қиссалар