лутфу сурату маъни била,
Туғмағай сентек яна жон онадин. (Лутфий, 362-бет).
Тажнисли туюқлар. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг назарий қарашларига қараганда, тажнисли туюқ ҳам бўлиши мумкин экан. Тажнисли туюққа намуналарни табарруклиги учун даҳо шоиримизнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасидан икки туюқ ва уларнинг муаллифлари ҳақидаги Навоий сўзларини келтирамиз: “Абобакр мирзо – Шоҳрух мирзога набира бўлур. Баҳодурлуғи ва қиличи зарби Чиғатой улусида машҳурдур. Чун табъида назм чошниси бор эрмиш. Ҳамул баҳодурлуғ таврида бу туюқ андин машҳурдурким:
Эр керак ўртанса ёнса ёлина
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ,
Эр отониб душманиға ёлина.
Агарчи баъзи алфози турконароқдур, аммо тажнисини яхши топибдур.
Султон Искандар Шерозий ҳам набирадур. Салтанат тажаммулини дерларким, салотиндин ози онча қилмиш бўлғай… Султон Искандарни дерларким, табъи назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурларким:
Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори муюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Халабна ё Руми.
Бурунғи туюқдин бу турконароқдур”.125
Тажнисчиликда таждидга ҳаракат қилиш, сўзнинг янги-янги жинсдошларини топиш ёки маҳорат билан уни яратиш нафақат профессионал шоирлар, ҳозир кўрганимиздек, шоҳ ва шаҳзодаларимиз учун ҳам хос эдики, Навоийнинг фикри тажнисчиликдаги оҳорлилик ва новаторликка ишораси билан янада қимматлидир.
Тажнисли фардлар. Гўзал тажнисли фардлар ижод қилган мумтоз шоирларимиздан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Унинг девонидан икки намуна келтирамиз:
Бу дунёдин фараҳ йўқтур мени маҳзунға жононсиз,
Жаҳондин ким десун, биллоҳ, керакмас манга жон онсиз.126
Ёки:
Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглумда ғам ҳар сў,
Оқар сувнинг фироқидин кўзумдин ҳардам оқар су. (Бобур, 137-бет).
Тажнисли байтлар ва мисралар.Таснифларимизнинг шунгача бўлган қисми рубобий жанрлар билан боғлиқ эди. Байтлар ва мисраларни алоҳида олганимизнинг боиси шуки, бундай тажнисда байт ва мисралар рубобий жанрларнинг ва эпик асарларнинг барчасига хос бўлиб, бадиий асарлар таркибида айрим байт ва мисраларда учраб қолади. Фард бир байтли бўлса-да, мустақил рубобий жанрдир. Шунинг учун уни ҳам алоҳида ажратдик. Мумтоз адабиётимизнинг шеърий эпик асарларида, ғазалларда, кичик ҳажмли маснавийларда тажнисли байтлар борки, улар мутолаа давомида китобхон диққатини сўзга, унинг маъносига тортишга хизмат қилади. Эпик асарлар орасида тажниснинг ўндан ортиқ навлари учрайдигани Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидир:
Том тажнис:Гарчи бало баҳрида топмон канор,
Жонимадур ҳасрати бўсу канор.127
Тажниси зойид:
Хорға гул, хорага берди гуҳар,
Найга шакар берди, шажарга самар. (Нишотий, 303-бет).
Хат тажнис:Гарчи етибдур санга ҳоло газанд,
Ақл элига панд эрур ушбу банд. (Нишотий, 303-бет).
Мураккаб