шоирлар китобхонни ҳайратга солиш ва шеър жозибадорлигини кучайтириш учун қофиядош сўзларда тажнис кўрсаткичларини ишлатадилар. Тажнисли қофиялар рубоийдан ташқари деярли барча рубобий жанрларда қўлланилиши мумкин. Тажнисли қофияларни кўпроқ достон, маснавий, ғазал, туюқ ва фардларда учратамиз. Бундай қофиянинг ажойиблиги шундаки, юзаки қараганда байтда радифдай туюлган сўзлар қофиядош сўзлар бўлиб чиқади:
Эй жон чамани ичра бўйи сарви равоним,
Вола эрур ул суратинга руҳи равоним. (Бобур, 148-бет).
Бундай ҳодисанинг радифли тарзи ҳам бўлиши мумкин. У чоқ тажнисли қофия радиф сўзидан олдин келади, албатта:
Фарёд этарам тушгали мен ёлғузун ондин,
Ҳеч ўлди таним, қолди ҳамин ёлғуз ун ондин. (Бобур, 198-бет).
Бу анъана ҳозирги адабиётимизда ҳам давом этаётир. Кечагина қўлига қалам олган лобар қизгина Дилрабо ҳам илк китобчасида тажнисли қофия қўллашга ботинган:
Шодлигу ташвишга тўла бу дунё,
Ҳар инсон кўнглида орзу бир дунё.133
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан тажниси зойид навига бир намуна:
Муз айлаб ер юзин ойина ойин,
Ғалат қилдим, дегил ойинаи Чин.134
Хўжандийнинг “Латофатнома” маснавийсидан том тажнис намунаси:
Қаро зулфунг ичинда чин кўрармен,
Хато йўқтур бу сўзда, чин кўрармен.135
Байтдаги ўрнига кўра тажнисларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:
* тажнис қофиялар;
* тажнис радифлар;
∙ тажнис тасбелар;
∙ тажнис тасдирлар;
∙ тажнис қайтариқлар;
∙ раддул садри илал ибтидо тажниси;
∙ раддул садри илал ҳашв тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ҳашв тажниси;
∙ раддул ҳашви илал аруз тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ибтидо тажниси;
∙ раддул ҳашви илал ажз тажниси.
Тажнис қофиялар. Мумтоз ва ҳозирги замон шеъриятида тажнисли қофиялар сийрак ҳодиса эмас. Қофияда жинсдош сўзларни келтириб, жиддий маъно тафовутига китобхон диққатини торта билиш катта маҳорат маҳсулидир. Бир байтдаги тажнис қофия.
Аҳмадийнинг “Созлар мунозараси”дан:
Оқибати кор ўшал жамъи соз
Қилдилар оҳанги ярашмоқни соз.136
Тажнис қофиянинг байтлараро намунасини Бобур “Девон”идан ўқиймиз:
Не суд андин пой дар гиллиғим,
Чу ал дўстлардин ул ой юб эмиш.
Ўзин фориғу бизни қилғон асир,
Ким, эрмиш бу янглиғ ул Айюб эмиш.137
Ҳозирги замон шеъриятида ҳам тажнис қофиялардан фойдаланиш анъанаси муваффақиятли равишда давом этмоқда. Байтда тажнис қофия қўллаш усули намунаси:
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бу доғларим мени буткул доғлар-ей.138
Тажнис қофиянинг байтаро қўлланилиши:
Олдда сайхонлик,
Нариёғи – жар.
Ҳеч ким чинқирмас,
Ҳеч ким солмас жар. (Сирожиддин Саййид, 31-бет).
Тажнис радифлар. Радиф санъатпардозлигида шоирлар сўз