тайёргарликсиз келиб, Давқораевнинг меҳнатига гумон туғдириш орқали илмий ишнинг баҳосини туширишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш мақсадида Қалли Айимбетов унинг Қорақалпоғистон Министрлар Кенгесининг Раиси Н. Жапақовга ёзган ҳисоботини ўқиб эшиттирди.
“Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” мавзусидаги докторлик диссертациям машинкада 931 бет бўлди, у уч китобдан иборат”, деб бошланган хатда диссертацияга қўшимча 500 бетлик адабиёт хрестоматиясини тузганини билдирган эди.
– Ҳаммаси бўлиб икки-икки ярим йил ичида уч жилддан иборат диссертацияга хрестоматияни қўшиб тайёрлаш бир неча ходими бор илмий-тадқиқот институтининг ҳам қўлидан келмайдиган иш…
Қ.Айимбетов “Фольклор” бўлимида “Алпомиш”, “Қоблан” достонлари бошқа халқларнинг шу номдаги достонларига қиёслаб ўргангани, “Қирқ қиз” достони бошқа халқларда йўқ, фақат қорақалпоқларда бор эканини, бундай янгиликларни Давқораев биринчи бўлиб илмий тадқиқ этганига тўхталди. Ушбу нутқ Ибройимга анча дадиллик бағишлади. У ҳам ўзининг тайёрлаган баёнотини айнан шу мавзуга бағишлаган эди.
Нажим Давқораев бўй-бастига қараганда салобатли кўринадиган, ўртача йирикликдаги, қуюқ қора қошлари остидаги икки кўзи у қизишиб сўзлаганида ёниб турадиган, илк қарашда қаҳри қаттиқ кўрингани билан кулимсираб юрадиган одам эди. Кенг манглайидан тушавериш жойида ўртаси ботиқроқ бурни юзида кичикроқ кўринар, ундайларни халқда пучуқ эмас, “тампиш бурун” деб атайдиган, сўзни секин бошлагани билан бора-бора қизиб, чин кўнгилдан кулганда гуручдай оппоқ тишлари чиройига чирой қўшадиган эди. У дарҳол бийликни қўлга олиб кетадиган фаол, дипломатиядан хабардор, ҳар кимнинг ўрни, феъл-атворига қараб адашмай муомала қиладиган, одамгарчиликни, ўзаро ҳурмат-иззатни жой-жойига қўядиган инсон. Москвага борса, атоқли тарихчилар Иванов, Толстов, Баскаков, Бертельс, Тошкентда Ғафур Ғулом, Иззат Султон, қозоқлардан Мухтор Авезовлар билан қадрдон бўлиб юрадиган обрўга эга эди.
Шунга қарамай, эллигинчи йилга келиб, рақиблари кўпайиб кетди. Бердақ шоир вафот этганининг 50 йиллигига бағишлаб тайёрлаган баёнотидан кейин ҳар ер-ҳар ердан дастлаб ёқимсиз, бора-бора заҳарли сўзлар тарқалиб, матбуотга ҳам чиқа бошлади. Кутилмаганда бирдан “буржуазия-миллатчилик дунёқарашидаги одам” деган ёрлиқ тақалиб қолди. Бу – яқинлашиб келаётган олақуюн довул бошланиши олдидаги изғиринли шамол эди. Ўз халқи адабиёти тарихини XVIII асрдан бошлаб тирилтирган олим, бу хавфли шамолнинг кейин тез авж олиб, унинг ҳаёт гулини юлиб олиш учун ҳамла қилажагини, атрофида “қалдирғочдек тумшуғи билан сув ташиб”, унинг улуғлигини халққа етказиб юрган олимлар Қалли Айимбетов, Жумек Ўринбоев, Исмоил Сағитов, Янгибой Досумов, Ўринбек Кожуров, ёзувчилардан Жўлмирза Оймирзаев, Асан Бегимов сингари дўстларининг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмай қолишидан ҳали бехабар эди.
Давқораевнинг ўша 1950 йили китобча бўлиб чиққан, сўнг Тошкентда “Шарқ юлдузи” журналида ўзбекча, “Звезда Востока”да русча эълон қилинган