Шарап Уснатдинов

Ибройим Юсупов


Скачать книгу

Тажетдиннинг бир кўзи қисилиб, мийиқ тортганда юзидаги кулдиргичи ўйилиб, хотин-қиз ўтса сузилиб қарамай туролмайдиган кўзларига қаради. Ўзи ҳам ўша “халқ”нинг назаридан четда қолмайдиган кўркам йигит. Ҳаттоки, уруш азоби ҳақидаги шеърларидан ҳам: “Ўчоқда ўт қолди лов-лов ёнмаган, Қучоқда дард қолди меҳри қонмаган”, деган ажойиб сатрларни топадиган шоир.

      – Бу ерга шу камчиликни тўлдиргани келдингми?

      Бабошнинг бу ҳазилида жон бордай туюлди. “Бу бекорга юрмайди”, деб қўйди ичидан. Тўғрисини айтганда, кафеда гапни кўпайтирган ҳам шу Тажетдиннинг ўзи.

      – Сен тунов куни Давқораевнинг “Бердақ шоир” китоби бўйича ўтказилган йиғилишда катта қаҳрамонлик кўрсатдинг, – деди Ибройимга. – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” достонини роман, деб атадинг. Унинг яратилган вақти чамаси 1875–1880 йилларга тўғри келади, дединг. Ўша йиллари Чор Россияси бутун Ўзбекистонни, Хоразм воҳасини қорақалпоқлар билан қўшиб, босиб олган эди. Асарда Россиянинг мустамлакачилик сиёсатининг оқибати ифодаланган, деб қўрқмасдан айтдинг…

      Адабиётнинг тараннуми ана ўшандан бошланган эди. Ёш шоир Ибройим Юсупов ўша мажлисда сўзга чиқди, ғамхўр ва меҳрибон устози Нажим Давқораевнинг илмий тадқиқотини баҳолаб, унинг қадрини кўтаришни ният қилиб юрган эди. Ўз баёнотида: “Бизнинг замонамизга қадар қорақалпоқ адабиётида… Бадиий жиҳатдан юксак бир асар бор. У – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” романи. Хива ва оқ подшо ҳукумати амалдорларининг зулмига қарши кўтарилган халқ қўзғолонини ифодалаган бу роман 1800 мисра шеърдан иборат бўлиб… қорақалпоқ халқининг XIX асрдаги юз йиллиги ҳаёти манзарасини беради. Шу нуқтаи назардан, асарни тарихий роман деб атаймиз”, деган кескин фикрни айтди. Унинг воқеаларини шарҳлаб: “Романда шундай улкан кўламда бўлишига қарамасдан, дин таъсирининг унчалик кўринмаслиги асарнинг реалистик хусусиятини, севимли шоиримизнинг демократик дунёқараши кучли бўлганини исботлайди”, – деб хулоса қилди.

      Айни ҳозирги даврларга келиб Бердақ шоирнинг асарларига ишончсизлик билан қараш, уни олим Давқораев бўрттириб юборгани йўқми, кейинги пайтларда у Бердақ асарлари орқали ўз миллатини кўтаришга, бошқалардан ажратиб қарашга ҳаракат қилаётгани сезилмайдими, дегандек гумонсирашлар пайдо бўлди. Айниқса, “Аҳмоқ подшо” деган образли ифоданинг ўзи икки хил маънони билдириб тургандек, коса тагида нимкоса бугунги кунга ҳам тегиб кетадигандек туюла бошлаган эди.

      Совет даврининг янгидан ёзилган тарихида қорақалпоқ халқининг ёзма адабиёти, ёзма тарихи ҳам бўлмаган, бу эл тарихи фақат октябрь революциясидан кейингина ёзила бошланган, унгача аҳолининг ноль бутун юздан икки фоизигина ҳарф таниган, деб мактабларда ўқитилаётган вақтда Давқораев қорақалпоқ адабиёти тарихини ўрта асрларга қарата чуқурлаштириб, уни ёзма адабиёти бўлган халқ эканини исботлагани шўро даври “ҳақиқати”га қарама-қарши бўлди. Бунинг устига бир қатор ёшлар бош кўтариб келаётир. Ўша вақтдаги обкомнинг матбуот бўйича котиби Давлатмуратовни юқорига чақириб:

      – Бу Ибройим Юсупов деган ёш шоир қаёқдан пайдо бўла қолди? Ёзган шеърлари бир ғалати, бошқаларга ўхшамайди. Ўқиб