Шарап Уснатдинов

Ибройим Юсупов


Скачать книгу

бу ҳаракати Тажетдинга “Бундай ҳазил қила кўрма”, дегани эди. Ибройим ҳам афти ўзгариб, кўзининг остидан хўмрайиб қаради. Бабош бирдан аэропортда бўлган бир воқеани эслади. Дўсти Нурмуҳаммедов Маратни тенгдош йигитлар билан Москвага аспирантурага кузатгани чиқишганида Эломон ҳаммага қарата: “Мана нақадар омон-омон замонга етишдик, “халқ душмани”нинг боласи эмин-эркин ўқиш учун Москвага бораётир”, деб қолса бўладими. Маратнинг ўша вақтдаги аҳволи ўла-ўлгунимча кўз ўнгимдан кетмаса керак, деб ўйлаган эди Бабош.

      Эломон ҳазилкаш, ёнғоқдек шақиллаган, оқкўнгил йигит. Кўпчилик бу гапни ёмон ният билан айтмаганини билса-да, анча вақтдан буён айтилмай келаётган бу сўз Марат тугул, бошқа ҳамма йигитнинг жон-жонидан ўтиб кетгандек бўлди. Ўсарбойнинг топқирлик билан: “Вой, ҳазилинг қурсин, сен падарлаънатининг”, деган сўзларидан кейин йигитларга жон кирди. Тажетдиннинг ҳозирги ҳазили ҳам Эломоннинг қовун туширганига ўхшар эди. Ибройим сира ҳовлиқмас, ўзини бекдек салобатли тутадиган, шеърий сатрларида ботир кўрингани билан ниҳоятда таъсирчан, юрагида қандайдир қўрқувми ёки огоҳлик бордай, арзимаган нарсага титраб кетишини Бабош яхши билади. “Отаси охун, “халқ душмани” деган гапни эшитса, эсидан тонадигандек эди. Замон ҳам Эломон айтгандай “омон-омон” эмас, кундан-кунга қаттол бўлиб бораётганини ҳамма сезади. Шундай бўлгани билан, булар ҳаёт завқига тўла ёш йигитлар, бир-бири билан ҳазиллашмаса ўлади, гап-сўзларида ҳеч қандай ғаразли ният бўлмаса ҳам, оғзидан бехосдан чиқиб кетади.

      Ибройим ўртоқларининг мум тишлаб қолгандек жимжитлигини бузиб, сенинг ҳазиллашмоқчи бўлганингни тушундим, дегандай сўз бошлади:

      – Ўн тўрт ёшида ўқишни битказиб, овулдаги масжидга мулла бўлиб келган ёш бола (ҳазрати Хўжа Аҳмад Яссавий демоқчи эди, қўрқди) дарсдан кейин овулдаги болалар билан томнинг бўғотидан чумчуқ ушлаб, ўйнаб юрса, масжиднинг имоми кўриб қолиб: “Сиз ўзингизни мана шу шогирдларингизга дарс берадиган мулла эканингизни унутдингизми?” – дебди.

      – Унутмадим, тақсир. Ўзимнинг ҳам ҳали бола эканимни, вақтида ўйнаб қолишим керак эканини сиз ҳам унутманг, – деб жавоб берган экан.

      Бу мисолни Бабошнинг устига дарахтдан ёмғир томчиларини қуйдирганини оқламоқчи бўлиб айтса ҳам, ҳазил-ҳузул авжга чиққанида ҳам қаттиқ кулмайдиган, кулганда ҳам қандайдир сипойилик белгилари сезилиб турадиган Ибройимнинг бу ҳазили янгиликми, юпатишми, ҳар ҳолда ёнидагиларига эркалангани эди.

      Ҳалиги олдинги сафдаги ўрнини бермай, дўстлари билан гаплашиб келаётганида бир оёғи ёмғир суви тўпланган кўлмакка тушиб кетди. Ҳали тарқалмаган ноқулай вазият унутилгандай, ҳамма бирдан кулиб юборди.

      Бабош Тажетдиннинг оёғига қаради.

      – Биз ҳам сендан ўрганишимиз керак-эй.

      Ибройим унга қарши чиқди.

      – Тажет, сен оёғингдаги ковушингни ташла. Уни бошқа кийма. Боядан бери айтаман деб юрган эдим. Этикнинг сиртидан ковуш кийсанг, худди шаддод кампири бор чолларга