Солих Каххор

Тахмина


Скачать книгу

Кимдир ўқитувчиликка, кимдир врачликка дегандай. Лекин мен улардан ўзимни олиб қочаман…

      Орага жимлик чўкди. Тахмина мендан сигарет узатишимни сўради. Лекин мен унинг илтимосини бажармадим. Ўз хаёлим билан банд бўлиб, жим ўтиравердим. У менга ажаблангандек қараб қўйди-да, кейин чекиш фикридан қайтиб, ўзича «бўпти» деди. Бир дамдан сўнг аста савол берди: – Собир ака, болаларингиз борми?

      – Ҳа, – мен унга ажабланиб боқдим. – Бир ўғил, икки қизим бор. Нима эди?

      – Сиз уларни яхши кўрасизми?

      – Бўлмасам-чи, жондан ортиқ.

      – Хотинингизни-чи?

      – Униям.

      – Уям сизни жондан ортиқ севадими?

      – Мен унга ишонаман.

      – Ҳамма гап шунда. Менимча, энг катта бахт ҳам шунда.

      – Гапинг тўғри, Тахмина. Сен буни тўғри тушунибсан.

      – Чунки мен буни ўз кўзим билан кўриб хулоса чиқарганман. Бизникидаги ҳамма бало ана шу ишонч деган нарсанинг йўқолишидан бошланган…

      – Чамамда, аянг билан даданг бир-бирларини севиб турмуш қуришган-ку? – синовчан савол ташладим унга.

      – Мен севгига ишонмайман. Ҳаммаси пуч гап. Масалан, олдимизга келадиган эркакларнинг ярмидан кўпи хотинига сени севаман, деб яшаса керак. Лекин улар оиласининг, бола-чақасининг ризқини қийиб, топган-тутганини кўтарганча фоҳишага чопишади. Бизга нима, ўлиб кетишмайдими…

      – Бу билан марҳум дадам ҳам ана шунақа эркаклар хилидан эди, демоқчи эмасмисан ишқилиб?

      – Мени дадам… У бизни жудаям яхши кўрарди. Аямниям, мениям, укамниям… Аям ишламас эди. Рўзғорни дадам ўзи тебратарди. Ишига каллайи саҳарлаб чиқиб кетганича қоронғи тушганда ҳориб-толиб кириб келарди. Лекин чарчаганини ёки кайфияти бузуқлигини бизга сездирмасликка ҳаракат қиларди. Авваллари топиб-тутиши яхши эди шекилли, маза қилиб яшардик. Дадам тўйгунимизча музқаймоқ билан, кабоб билан сийларди…

      Рости гап, аямнинг юраги тор, инжиқроқ аёл бўлган. Ўзингиз ҳам эсларсиз, у қадди-қомати келишган, ғоят чиройли эди. Шунга яраша кибру ҳавосиям баланд, унча-мунча нарсани ўз ўрнида кўрмасди, писанд қилавермасди. Дадам бечора уни хафа қилиб қўймайин, бирон нимага зориқмасин, деб жони ҳалак эди. Чунки у аямга ишонарди. Аям ҳар қанча инжиқлик қилмасин, ўша ишонч ҳурмати, уни кечириб кетаверарди. Мен фақат бир нарсани тушунолмасдим. Баъзи-баъзида дугоналаримникига бориб қолсам, уларникида тамоман бошқача тартибни кўриб ажабланардим.

      Мен шу пайт беихтиёр Тахминанинг ҳалигина «Нега шундай бўлди? Бу кўргиликлар биз учун қаердан келиб қолди? Мен бу саволларга ҳозиргача жавоб қидираман», деган сўзларини эсладим. Эҳтимол, у қидираётган жавоблар дугоналариникидаги ана шу «бошқача тартиб»ларга ҳам маълум даражада боғлиқ бўлгандир? Шу боис ҳам Тахминанинг худди ана шу нарса устида очиқроқ тўхталишини истаб, сўрадим:

      – Қанақа тартиб экан у?

      – Мен буни сизга тушунтиролмасам керак. Масалан… уларнинг аялари қандайдир хушфеъл, мулойим, меҳрибон, синиқ туюларди назаримда. У уйларда энг катта хўжайин деймизми, бошлиғи деймизми, дадалари эканлигини, эркак кишининг ўрнини, салобатини ҳар қадамда