кейин…
– Даданг тўртинчи қаватдан ўзини ташлаб юборганидан хабардорман. Ўша кеча маст-аласт келгани-ю, аянг билан жанжаллашиб қолгани, кейин ўша айвонга олиб чиқиб ётқизганингни ҳам эшитганман. Фақат… бу фожиа қандай содир бўлганини билмайман.
– Бунисини ўзимиз ҳам билолмасдик. Дераза илгакларини солиб қўйганим аниқ эсимда. Яна ким билади дейсиз. Қисмат шу экан.
– Ўшанда… сени энг яқин одамингдан ажралиб қолиб, қандай аҳволга тушганингни тасаввур қилолмайман, Тахмина.
– Бунисини асти қўйинг. Ўша кунлар ёдимга тушса, ҳали-ҳали бу дунёга сиғмай кетаман. Нега шундай бўлди? Бу кўргиликлар биз учун қаердан келиб қолди? Мен бу саволларга ҳозиргача жавоб қидираман.
– Ҳа, Тахмина. Сен бу саволларга албатта жавоб топишинг керак. Бундан ўзинг тегишли хулосани чиқариб оласан.
– Хулоса… Мен учун энди ҳаммаси кеч бўлган, Собир ака.
– Ундай дема. Сен ҳали… ўн гулингдан бир гулинг ҳам очилмаган ёш ниҳолсан.
Тахмина юзимга истеҳзоли нигоҳ ташлаб қўяди.
– Қўйинг бу гапларни. Сиз мен ҳақимда ҳали ҳеч нарса билмайсиз. Мен унга «Билишни ҳам истамайман. Кел, яхшиси, ўтган гапларга саловат дейлик-да, энди буёғини ўйлайлик», – демоқчи ҳам бўлдиму, бироқ ўзимни тийдим.
Мен ҳозир қаршимда ўтирган, кутилмаган тасодиф туфайли дуч келиб қолган таниш Тахмина ҳақида, «Мен учун ҳам энди ҳаммаси кеч бўлган» деб турган ана шу ёшгина инсон ҳақида кўпроқ нарсани билмоқ иштиёқида эдим.
– Эҳтимол шундайдир. Лекин ҳамма нарсага қўл силтаб, кўркўрона умр ўтказиш билан иш битмайди, Тахмина.
– Билмадим. Бир кам дунё, деган гап ҳам бор-ку, ахир. Худо ўзи уни ундай, буни бундай қилиб яратипти. Насиб этганига шукур қилиб яшашдан бошқа чора йўқ, Собир ака.
– Фикрингга қўшилмайман, Тахмина. Биз яшаб турган дунё аслида комил дунёдир. Аммо уни ўзимиз емириб-кемириб, кемтик қилиб қўямиз-да, кейин уни бир кам дунё экан, деб ўтираверамиз. Ваҳоланки, ҳеч ким осмондан донишманд ёки жаллод, тақводор ёки… фоҳиша бўлиб тушмаган. Бу дунёда ҳар ким ўз йўлини ўзи белгилайди. Кимдир Раҳмонга эргашади, кимдир Шайтонга…
Тахмина жимиб қолди. Бир дам хаёлга чўмгандек бўлди. Кейин мендан ўйчан ҳолда сўради:
– Шайтондан хабарим бор. Лекин Раҳмон деганингиз нимаси, Собир ака?
– Сен менга аввал ўзинг билган Шайтон ҳақида гапириб бер-чи… – Шайтонми… У менинг кўзга кўринмас дўстим. Мени ёлғиз қолдирмайди. Доим эргашиб, қўриқлаб юради. Кўчадаям, уйдаям. Ҳатто ётганимда ҳам. У мен билан ҳазиллашади, қитиқлашади. Ғалатиғалати, қизиқ-қизиқ нарсаларга йўл бошлайди, маслаҳат беради. Мен ана шу дўстим туфайли ғам-ғуссаларимни унутаман, тўрт кунлик умримни хурсандчиликда ўтказаман.
Тахмина шундай дея, «Энди сиз жавоб беринг» маъносида, қараб қўйди.
– Худо одамлар билан бирга ҳайвонларни ҳам яратиб қўйипти. Ҳайвонлар ҳам одамлар каби ётиб туради, эшитади, ҳис қилади, овқатланади, лаззатланади, кўпаяди… Одамлар ҳам худди шундай. Лекин ҳайвонлардан энг катта фарқимиз шундаки, худо бизга шунингдек, ақлу