яшил рангли электр чироқ сокин ва сеҳрли шуъла таратиб турипти. Икки кишилик хонтахлит каравотда Тахмина иккала қўлини боши остига олиб, шифтга термулганча ётарди. Сийнабандсиз… – Ётдингми, Тахмина?..
У бир дам индамайди. Кейин менинг эшик олдида туриб қолганимни кўриб, илтижоли оҳангда оҳиста сўз қотади:
– Қон қилиб юбордингиз-ку… Келиб ётаверинг-да. Лекин айтиб қўяй, бир шартим бор.
Каравот бошида турган креслога бориб чўкарканман, Тахмина мен томон кескин бурилиб, ажабланган қиёфада сўрайди:
– Нима бало, сиз менга эртак айтиб бермоқчимисиз?
– Сен ҳали эртак эмас, алла ёшидасан, Тахмина…
Ҳамхонам чиндан ҳам ҳайратга тушди. Ногоҳ қандайдир фикрга келиб ёстиқдан бош кўтарди-да, чойшабни оёқ томондан устига тортиброқ олди.
– Айтинг аллангизни,– энди у хиёл жилмайиб қўйди. Кейин яна шифтга боққанча, афтидан мени «ёндириб» юбориш мақсадида, нозик қўллари билан мўъжаз сийналарни майин сийпалаган бўлди. – Биласизми, тоға…
– Илтимос, мени тоға демасанг.
– Йигитча…
– Йигитча ҳам эмасман.
– Акажон…
– Аканг ҳам эмасман.
Тахмина қиқирлаб кулиб қўяди. Энди у мен томон батамом ўгирилиб олди:
– Қизиқ одам экансиз. Нима дейин бўлмаса?
– Гапинг бўлса шундоқ айтавер… – Мен ёнгинамизда турган тумба устидан сигарет олиб тутатдим. Лекин уни чекишга улгурмадим. Тахмина қўл чўзиб тортиб олди.
– Шартингни айтмадинг-ку? – сўрайман ундан.
У қўлидаги сигаретни икки-уч бор тортиброқ чекди-да, кейин уни яна менга тутқазиб, ёстиққа бош ташларкан, жавоб қилди:
– Эркаклар… ёввойи отга ўхшаб, тишланғич бўлишади. Айниқса, мендақа ёшроғи рўпара келса…
– Хўш, нима бўпти?
– Агар сизам тишласангиз, ўлдираман,– нозу фироғ қилиб қўйди у.– Бўлмаса, менам бирон жойингизни узиб олиб, шармандангизни чиқараман.
– Хотиржам бўл, мен ёввойи от эмасман.
Энди буёғига нима қилмоқ лозим, гапни нимадан бошлаш кераклигини билолмай бир дам ўй суриб қолувдимки, жимликни Тахминанинг ўзи бузди.
– Ўтираверасизми? Мени уйқу босиб кетяпти.
– Биласанми, Тахмина… Сен менга жудаям ёқиб қолдинг.
Унинг лабларига табассум югурди.
– Менга дуч келган бирон эркак йўқки, шундай демаган бўлса… – Эҳтимол шундайдир. Лекин мен бошқа нарсани назарда тутяпман.
– Нимани?
– Билишимча, сен бу йўлларга… адашиб кириб қолганга ўхшайсан. Ўзинг ҳали анча ёш, жудаям гўзал, манаман деган ҳар қандай йигит уйланса арзийдиган…
– Яна… яна нималар? – у жўрттага эркаланиб, енгил тўлғониб қўйди.
– Нималар бўларди, фоҳишалик… қилма демоқчиман, – гапим қўполроқ чиққандай туюлиб, мен унга ҳадик билан боқиб қўйдим. Бироқ Тахминанинг авзойида унчалик ўзгариш сезилмади. Камон қошлар хиёл чимирилгандек, шарбат томиб турган дудоқлар сал титрагандек бўлди, холос.
– Мени… фоҳиша, деб ўйлаяпсизми ҳали?–энди жиддийроқ оҳангда сўраб қолди у. Бироқ саволига жавоб кутмай, кинояомуз қўшиб қўйди:–Кечирасиз.