Солих Каххор

Тахмина


Скачать книгу

бўш вақтларида каштадўзлик қилиб, тиккан нарсаларини қўшни дўппифуруш аёл орқали бозорга чиқартирарди. Тез орада рўзғорларини бут қилиб олишди, биров кўрса кулмагудек иморат ҳам солиб битиришди.

      Яна орадан кунлар, ойлар ўтаверди. Нилуфар энди аста-секин ота-онасини, она юртини соғиниб, уларни тез-тез тилга оладиган, ўкинч ва изтироб билан эслайдиган, эрига тез-тез «Бир бориб келсакчи, шояд кечиришар», дейдиган бўлиб қолди.

      Бироқ Келдиёровнинг энди эшаги сувдан ўтиб, Нилуфар ва унинг ота-онаси олдидаги, ўз лафзи ва виждони олдидаги масъулиятни унута бошлаган эди. Бундан ташқари, Панжакентга боришга қўрқарди ҳам. Тоғли кишиларнинг қаҳри қаттиқлигини, тузларини еб тузлиқларига тупуриб келгани учун ҳеч қачон кечира олмасликларини, мабодо у ерга кириб боргудек бўлса, омон топмаслигини яхши тушунарди.

      Шунинг учун ҳам Нилуфарга ана-мана, дея вақтни ўтказаверди, кейинроқ эса «Хат жўнатдим, жавоб беришмаяпти, демак, сендан воз кечишган», дейишгача бориб етди. Шундан кейин сира кутилмаганда… Нилуфар «Итдан топган итваччасини» ташлаб, тасодифан Қўқон бозорига келиб қолган бир тожик йигит билан бувисининг юрти Мастчоҳга қочиб кетди!

      Келдиёров икки яшар қизчаси билан қолаверди. Тақдирга тан бериб Нилуфарни қидирмадиям, суриштирмадиям. Тез орада ўзи билан мактабда бирга ишлайдиган, у билан бир-икки бор дон олишиб ҳам улгурган Аниса исмли жувонга уйланиб олди.

      Бу хотиндан у иккита қиз кўрди. Аниса ўтли-шудли, хушфеъл ва меҳрибон аёл бўлиб чиққанлигидан Келдиёров Нилуфарнинг ортидан унчалик кўп аза тутмади. Янги рўзғор ва болалари ташвишига тез ўралашиб кетди.

      Олдинги эридан бола кўрмай ажралишган Аниса дастлабки кунларданоқ Хуршидани ўз фарзандидек иссиқ бағрига олди. Шундан кейин ҳам уни ўз болалари қатори оқ ювиб-оқ тараб ўстирди.

      Бу орада Келдиёровнинг Асака тарафда яшовчи бир бечораҳол узоқ қариндоши вафот этиб, унинг болаларидан бирини – Хуршидадан икки-уч ёш каттароқ Собирни ҳам ўз тарбияларига олишга тўғри келди. Келдиёровлар оиласидаги рўзғор тутуми, таълим-тарбия, кийиниш, ҳатто гаплашиш ҳам русча эди. Болалар ҳам шунга кўра рус мактабига қатнай бошладилар…

      Хуршида Анисадан туғилган икки синглисидан фарқли равишда, табиатан тантиқроқ, инжиқ ва ўзбошимча, ўз яқинларига меҳрсизроқ, ҳарорат ва оқибатни, яхшиликни кўпроқ бошқалардан қидирадиган, бироқ қадди-қомати келишган, ҳусну жамоли онасиникига ўхшаб ловуллаб турган бир қиз бўлиб вояга етди.

      У дадасининг ҳам, Анисанинг ҳам ҳар қанча уринишлари ва куйинишларига қарамай, мактабда дуруст ўқиёлмади, Хуршида кўпроқ ранго-ранг, чиройли кийиниб бошқалардан ажралиб туришни, янгиянги дугоналар орттириб, улар орасида ял-ял ёниб ўтиришни, одамлар унинг ҳусну жамолига, гапларига маҳлиё бўлиб юришларини ёқтирарди. Оилада мабодо унинг истаклари оз-моз монеликка дуч келиб қолса борми, ҳафталаб мотамсаро бўлиб қоларди. Бутун иддаосини эндиликда «горком»да ишлаётган, топиш-тутиши анча яхши, шу билан бирга онасининг қисмати учун бир умр