Уткир Хошимов

Тушда кечган умрлар


Скачать книгу

чинор тагида турган Диля – Дилфузани кўриб, югуриб борди. Миттигина гавдали Дилфуза ҳам шаҳарлик эди. У ҳам биринчи марта пахтага бораётгани учунми, саҳарлаб келиб олибди… Автобуслар карвони тушга яқин йўлга тушди. Имиллаб, узоқ юрдилар. Рақам билан номланадиган совхозлардан бирининг марказида тақсимот бўлди. Шаҳнозаларнинг автобуси яна анча юрди. Ниҳоят чўлбиёбоннинг қоқ ўртасида, бостирмага ухшаган аллақандай пастак, узун бино олдида тўхташди. Бинонинг бетон деворлари шўрлаб кетган, деразаларнинг оинаси синган эди. Сал нарирокда атрофи қора қоғоз билан ўралган ҳожатхона қўнқайиб турарди. Юз қадамча олисда эса оппоқ попилтириқлари шамолда силкинаётган қамишзор шовуллар эди.

      Юкларни туширишди. Шаҳноза қўрқа-писа ичкарига бош суқди-ю, дарров қайтиб чиқди. Бостирманинг қорайиб кетган пастак шифтида олмадеккина лампочка осилиб турарди. Борйўқ жиҳоз шу. Юзлари офтобда қорайган, норғул гавдали, қошлари қалин Рустам ака (курсдагилар ёши каттароқ бўлгани учунми уни шундай деб чақиришарди) дарров болаларни ишга солди.

      – Бор, бурган юлиб кел! – деди йигитлардан бирига. – Қизлар, баракни супуриб чиқасизлар!

      Бирпасда иш қизиб кетди. Диля баракни супурди. Шаҳноза пақир кўтариб, сувга кетаётган эди, Рустам йигитлардан бирига буюрди:

      – Сувга сен бор! Эҳтиёт бўл, қудуққа энгашма…– Қудуқ дегани семон қувурни тик қилиб ерга кўмилган нарса экан. Машинада сув олиб келиб, хлор аралаштириб, шу «қудуқ»қа қуйишаркан.

      Рустам, эҳтиёт бўл, деб бежиз айтмаган экан. Бултур қайсидир совхозда талабалардан бири сирғаниб, қудуққа тушиб кетибди. Ўртоклари тортиб олгунча тамом бўпти…

      Баракнинг ўртасига брезент парда осиб, иккига бўлдилар. Бир томонга болалар жойлашди, бир томонга қизлар. Ўша оқшом нон-чой қилиб ётиб қолишди. Кечқурун Шаҳноза Диля билан ташқарига чиққан эди, қамишзор томондан чақалоқ йиғиси эшитилди.

      – Нима бу, Диля? – деди қўрқиб.

      – Чақалоқ йиғлаяпти, шекилли… – Икковлари баракка югуриб кирдилар.

      – Қизлар, анави қамишзор ичида чақалоқ йиғлаяпти! – деди Диля овози титраб. Парда тўсиқнинг нариги томонидан Рустамнинг овози келди.

      – Чақалоқмас, шоқол! – деди вазминлик билан. – Чиябўри… Қўрқманглар. – Бирпас жим турди-да, қўшиб қўйди: – Ташқарига ёлғиз чиқманглар…

      Шаҳноза анчагача ухлолмай ётди. Парданинг нариги томонида чироқ ёниқ турар, болалар, чамаси, қарта ўйнар эди… Бир маҳал қўзи илинган экан, бўйнидан аллақандай совуқ, юмшоқ нарса ўрмалаб ўтаётганини ҳис қилди. Жонҳолатда чинқириб юборди. Қўли билан силтаб ташлаган эди, бояги нарса ерга тушганини идрок этди. Қизлар уйғониб, ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Кимдир чироқни ёқди. Шаҳноза қўрқувдан кўзлари олайганча йиғма каравотда ўтирар, нуқул бир гапни такрорлар эди:

      – Аннақа… юмшоқ нарса…

      Нариги томондан Рустам чиқиб келди. Эгнида эски жинси шим, кўйлакчан.

      – Сичқон-ку! – деди кулиб. (Кулганда чеҳрасида нур порлаб