Уткир Хошимов

Тушда кечган умрлар


Скачать книгу

чаққон ҳаракатлар билан пахтани Шаҳнозанинг этагига зичлаб жойлади. Қайтиб келиб ўзининг пахтасини ҳаменгилгина кўтарди-да, йўл четида турган тележка томон тез-тез юриб кетди.

      – Зўрсиз-ку! – деди қайтиб келиб.

      – Эллик икки кило чиқди. Шаҳноза терган пахтаси қандай қилиб «эллик икки» кило чиққанини тушунди. Рустам ўзиникидан қўшган…

      …Бир ойга деб олиб келишган эди. Икки ой ўтди. Шаҳнозанинг дадаси билан аяси тўрт марта келиб кетишди. Иссиқ тўркуйлак, кирза этик олиб келишди. Одамни қон қилиб юборадиган куз ёмғирлари бошланди. Баракнинг шифер томидан чакка ўтиб, ҳаммаёқ захлаб кетди. Пахта тугул подбор ҳам қолмаган, аммо ёмғир тиниши билан уларни далага ҳайдашар, талабалар бийдек пахтазорда тентираб юришар, ҳар қадамда этикка ботмон-ботмон лой ёпишиб, марзаларнинг у ер- бу ерида тўкилиб қолган кўрак аралаш кир пахтани лойдан ажратиб этакка тиқишар эди. Аллақаердан чўян печка, занглаб кетган тунука карнайлар топиб келишди. Рустам печкани қизларнинг «бўлма»сига ўрнатди. Кўмир йўқлиги учун ўтин ёқишар, ёмғирда қолган ўтин то ёнгунча баракни аччиқ тутунга тўлдириб юборарди. Домлалар икки ҳафтада алмашиб турар эди. Энг кейин келган Муҳтабар опа деган ёш домла талабаларнинг аҳволини кўриб, йиғламоқдан бери бўлар, қайтишга рухсат йўқ эди. Жумҳурият олти миллион тоннали режани бажармагунча пахтазор фронт майдони деб эълон қилинибди. …

      Қор ёғди. Шаҳноза биринчи қорнинг шу қадар шиддат билан ёғишини энди кўриши эди. Қандайдир бирон соат ичида барак томини бир қарич қор босди. Ҳамма мунғайиб қолди. Пахтазор ҳам, барак ҳам, талабалар ҳам…

      Ўша кеча болалар ётган томонда аллаким туни билан қув-қув йўталиб чиқди. Шаҳноза эрталаб қараса, Рустам бўйнига қалин шарф ўраб олибди. Нуқул йўталади. Юзлари бўғриқиб кетган.

      – Шу… қор деган нарсани ким ўйлаб топганийкин? – деди ҳазилга олиб.

      – Совуқни ёмон кўраман, Шаҳноза…

      Шаҳноза аяси олиб келган бир банка қуюлтирилган сутни берди.

      – Иссиқ чойга қўшиб ичсангиз ўтиб кетади. Шунақа деди-ю, ўзининг ҳам оёқ-қўллари қақшаб оғриётганини, боши ғувуллаб бораётганини сезиб турарди…

      Кечга бориб иситмаси кўтарилиб кетди. Диля олиб келган макарон шўрвани кўриб кўнгли ағдарилди. Кечаси билан алаҳлаб чиқди. Худди осмонда учиб юрганга ўхшар, тўсатдан чуқурга тушиб кетаётгандек бўлар, чўчиб уйғонар, «Ая, аяжон!» – деб инграр эди. Бир маҳал кўзини очса, тепасида Муҳтабар опа, Диля, Рустам туришибди.

      – Ма, ичгин, асал чой! – деди Диля унинг бошига эгилиб. Шаҳноза кўзларини ҳорғин юмиб юзини ўгирди. Қуруқ йўтал тутди. Энтикиб нафас ола бошлади. Ташқарида трактор тариллади. Шаҳнозанинг қулоғи шанғиллар, биров унинг миясига кириб олиб, муттасил тўқмоқ билан ураётганга ўхшар эди. Ўша томондан шовқин-сурон эшитилди.

      – Туш! – деди кимдир бақириб.

      – Туш бу ёққа! Бирпасдан кейин Муҳтабар опа баракка қайтиб кирди: – Рустам трактор миниб совхоз марказига кетди, – деди ўйланиб.

      – Қайсар йигит экан, бир балони бошламаса гўргайди.

      … Шаҳноза кимнингдир