нодир қўлёзмалари эгаллаган. Бу китоблару қўлёзмаларнинг ҳар бири алоҳида ишлов берилган яшил ва фируза ранг чарм билан жилдланган. Ҳар бир жилдга муаллифнинг муборак исми шарифлари зарҳал ҳарфлар билан битилганки, мана, ҳозир, шамнинг ҳазин шуъласида гўё сўнмас юлдузлардай ялтираб турибди.
Ана, энг тепада, Абу Абдулла Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг олти жилдлик табаррук асарлари қатор турибди. Ривоятларга қараганда, бу китобларнинг уч жилдини алломалар сарбони мавлоно Хоразмий ҳазратлари ўз муборак қўллари билан битган: улар гўзал Бағдоддан, машҳур “Байтул ҳикма”дан олиб келинган… Унинг ёнида Жомиул улум аталмиш Абу Али ибн Сино ҳазратларининг тиббиёт масалаларига оид йигирма жилдлик “Китоб уш-шифо”си ва яна камида ўн жилдлик “Китоб уннажот” асарлари ва ниҳоят, уч жилдлик шеърий асарлари терилган… Уларнинг ёнида Мавлоно Фаробийнинг ўн олти жилдлик донишмандлик мажмуалари, фозиллар фозили жаннатмакон Абу Райҳон Беруний ҳазратларининг ҳаммаси қизил сахтиён жилдлик китоблари олтиндай жилоланиб, ярқираб турибди. У зоти шарифнинг фақат бир асари, коинот сирларига бағишланган “ал-Қонун ал-Масъудий” деган асаригагина фируза ранг жилдда қопланган. Устод буюк алломанинг бу китобини кўп мутолаа қилар, шунинг учун ҳам уни бошқа китоблар орасидан тез топиб олиш ниятида фируза ранг жилдга ўратган эди… Ундан пастроқда донишлар дониши Аҳмад ибн Абдулла Марвазий, риёзиёт илмининг пири Аҳмад бин Муҳаммад Фарғоний ва мавлоно Абул Вафо ас-Самарқандий, мунажжимлар сарвари Ғиёсиддин Жамшид ҳамда Насириддин Тусий, унинг ёнида жаннатмакон устод Қозизода Румийнинг пурҳикмат асарлари терилган…
Ҳар сафар мавлоно Қозизода Румий – покиза руҳлари гулшани бақода масрур бўлғай! – бу илм масканига кириб, бу жавон олдида тўхтаганида, китобларга қўл узатишдан олдин кўзларини юмиб, лаблари пичирлаб, дуо ўқир, сўнг, танлаган китобини олиб қош-кўзларига суртар, лабига босар, шундан кейингина китобни очиб, мутолаага киришар эди. Устод ўзигина эмас, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир талабадан шундай қилишни талаб этарди.
Али Қушчининг кўз олдига яна ўша илиқ баҳор куни келди. Эсида бор, мавлоно Қозизода Румийни Мирзо Улуғбек ўзи бошлаб келган эди. У маҳалда аълоҳазратлари айни кучга тўлган, ёш. иқтидорли йигит эди. Ўзи ҳам эгнидаги заррин либоси, бошидаги симобий дастори, бутун шиддатли қиёфаси билан ёнидаги барча аъёнлардан ажралиб турарди. Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди. Лекин бу нимжонгина оппоқ чолнинг вужудидан аллақандай ички бир зиё, кишини ўзига ром қилувчи бўлакча бир меҳр ёғилиб турарди!..
Мавлоно билан Мирзо Улуғбек чинор соясидаги баланд курсилардан жой олишди. Сўнгра устод Қозизода Румий онҳазратнинг илтимоси билан зарбоф матога ўралган қалин китобини очиб, риёзиёт илми ҳамда бу илмнинг фалакиётни ўрганишдаги ўрни тўғрисида баҳс юритди. Али Қушчи устоднинг риёзиёт илмига бағишланган бу пурҳикмат китобини мадрасада кўп мутолаа қилган эди. Лекин мутолаадан олган завқи бир