ҳаворанг ипак рўмол, эгнида тўпиғига тушган ҳаворанг шойи кўйлак, оёғида учига ёқут қадалган бежирим кобулий кавуш, тол чивиқдай нозик бир қиз кўринди. Қиз Али Қушчини кўриб, юзини ҳарир ҳаворанг рўмоли билан тўсиб олди, оҳунинг кўзларидай катта серкиприк кўзларини ерга тикиб, кафтини кўксига босиб, бош эгди.
– Ассалом, устоз…
“Ё тавба! Бу не ҳолки, бир неча дақиқа орасида ҳар иккала ошиқ-маъшуқни ҳам кўрса!”
Бону, таълим кўрган эмасми, уни устоз, деди…
Али Қушчи негадир кўнгли эриб:
– Умринг узоқ бўлғай қизим, – деди. – Даданг уйдаларми?
– Уйдадурлар. Марҳамат қилинг, устоз… – Хуршида бону қўлини кўксига қўйганича чекиниб, унга йўл берди. Бонунинг овози ҳам чеҳрасидай мулойим ва хиёл маъюс эди.
Али Қушчи айвонга чиқиб, олдин даҳлизга, даҳлиздан чап қўлдаги таниш хонага кирди. Ерга хитойи ипак гиламлар тўшалган, шифтига тилла қандил осилган бу кенг чорхари хона – мавлоно Муҳиддиннинг истироҳатгоҳи ҳисобланар эди.
Уйнинг тўрида, қат-қат шоҳи кўрпачалар устида, боши пар ёстиққа чўкиб ётган мавлоно Муҳиддин уни кўриб, ўрнидан қўзғалди.
– Қўзғалманг, азизим, қўзғалманг!… – Али Қушчи жадаллаб бориб, биродарининг ёнига тиз чўкди.
Мавлоно Муҳиддин қирқ беш ёшлар чамасидаги, қош-кўзлари қизининг қош-кўзларидай қоп-қора, оқ-сариқдан келган, нозиккина, бўйчан бир одам эди. У пешонасини шойи қийиқча билан боғлаб, бошига учлик қора такя кийиб, авраси мовут қимматбаҳо сувсар пўстинига ўраниб олганди. Мавлоно қўш-қўш олтин узуклар тақилган узун ингичка бармоқларини чўзиб кўришди-да, ёстиққа ёнбошлади.
– Оллоҳ шифо бергай! – Али Қушчи юзига фотиҳа тортиб дўстига қаради. – Қалайсен? Табибга кўриндингму?
Мавлоно Муҳиддин “ҳа” деб бош ирғади-да, кўзини юмди.
Хонага мадраса талабасига ўхшаган ёш маҳрам кириб, ўртага дастурхон ёзди, кумуш баркашларда иссиқ нон, сомса, пиёз пўстидай нозик чинни ликопчаларда асал, бодом, майиз олиб келиб қўйди.
Али Қушчига хонада нимадир етишмаётгандай бўлиб, атрофига қаради, қаради-ю, бир зум ағрайиб қолди. Икки томондаги китобларга тўлиб турадиган қуббали жавонларда на бир китоб бор эди, на бир қўлёзма! Уларнинг ўрнига бежирим хитой чиннилари, четларига тилла суви юритилган мунаққаш пиёлалар, гулдор кумуш баркашлар, ўймакорлик билан ишланган нозик қумғончалар, ранг-баранг кўза ва кўзачалар терилган, бунинг ҳаммаси ярақлаб-чарақлаб кенг хонани заррин жилога тўлдириб юборган эди.
Али Қушчи ҳайрон бўлиб, мавлоно Муҳиддинга қаради. У ҳамон кўзларини юмиб, ёнбошлаб ётарди. Али Қушчи кўнглига ёпирилиб келган аллақандай ёмон туйғуни босиб:
– Кеча устод чақиртирган эркан, Кўксаройда бўлдим, – деди.
Мавлоно Муҳиддин жойида бир қўзғалиб, йўталиб қўйди.
– Каминага ҳам чопар юбормишлар. Таассуфким, хасталик сабаб, изҳори ихлос этмоқнинг чораси бўлмади.
Мавлоно Муҳиддин негадир қизаринқираб, Али Қушчини дастурхонга қистади. Ажабо: у устод тўғрисида бир оғиз гап