айтдиларким, бу тошлар бобоси Амир Темурдан қолгандур…
Салоҳиддин заргарнинг юзига қон тепиб, чуқур ботган тийрак кўзлари чақнаб кетди:
– Жаннатмакон Амир Темур тошлари… Мавлоно бу тошларни олиб келдиларми ё яширмишму?
– Яширдим…
– Қайга? – деди чол шивирлаб. – Ишончли жойгаму?
Али Қушчининг кўз олдига китоб терилган жавон келиб, ичида кулимсираб қўйди.
– Ҳа.
– Амир Темур тошлари… эҳтиёт бўлмоқ керак… зинҳор-базинҳор эҳтиёт бўлмоқ керак. Зеро, ажаб эрмаским, Мирзо Улуғбекнинг илм дурдоналарини бобоси Амир Темурнинг шу тошлари асраб қолса!.. Аммо… – чол Али Қушчи томонга энгашиб яна шивирлади.
– Бу сўзни ёлғиз фақир эшитдим, мавлоно. Бошқа бир кимса эшитмасин. Бу сўзни ўғлим ҳам эшитмасин!
Салоҳиддин заргаргина эмас, мавлоно Муҳиддиннинг ҳам ранги ўчиб, кўзлари аллақандай чарақлаб кетганини кўрган Али Қушчининг кўнглидан: “Бу сирни очиб тўғри қилдимму, йўқму?” деган фикр ўтди.
Шу сабаб бўлдими ё Салоҳиддин заргарнинг таҳдидли сўзлари қаттиқ таъсир этдими, ишқилиб, Али Қушчи ота-бола билан хайрлашаркан, юрагига совуқ бир ваҳима ёпирилиб келди-ю, нечундир ҳужрада мунғайиб ўтирган энаси Тиллабиби эсига тушиб, юраги увишиб кетди.
7
Мирзо Улуғбек бултур Бағдод халифаси инъом қилиб юборган арабий оқ бедовида хаёлга чўмиб борарди. Амир Жондор билан амир Султоншоҳ барлос бошчилигидаги ҳировул қисмлар қўшиндан илгарилаб кетган, бир неча туман чап қанот ва қалб лашкари орқада келар, лашкарнинг кетидан аслаҳа ортилган туя ва хачирлар, баковуллар билан сарой маҳрамларининг соябон аравалари судралиб келарди. Бутун қўшин бир-икки тумандан ошмаса ҳам, кенг дашт лашкарга тўлиб кетганга ўхшар, сипоҳлар сон-саноқсиз туялар, отларнинг кишнаши, эшак ва хачирларнинг ҳанграши, туяларнинг бўкириши еру кўкни ларзага солган эди.
Одатда бундай юришларда аълоҳазратни ўраб оладиган амирлар, туман бошлиқлари ва муқарраб-ус султонлар31 бугун бирмунча орқада келар, гўё Мирзо Улуғбекнинг хаёлини бузишни истамас эдилар. Ёлғиз шаҳзода Абдулъазиз устига йўлбарс териси ёпинган бадавий арғумоғини аччиқ қамчилаб, дам олдинга, дам ён-вердаги қирларга чоптириб чиқар, у ўзини беташвиш, бепарво кўрсатишга уринар, лекин аллақандай хасталик чўккан кўзлари бежо чақнар, қалби саросимада экани қонсиз сўник юзида шундоқ акс этиб турарди. Лекин Мирзо Улуғбек ўғлига қарамас, у ҳамон нотинч хаёллар гирдобида тўлғанар эди.
Жайҳун сафаридан қайтганидан бери қантариб қўйилган арабий оқ бедов кумуш сувлиғини чайнаб бетоқат талпинар, депсиниб юлқинар, бу кенг даштда қушдай учгиси келарди. Оқ бедов юлқиниб сакраганида унинг пешонасидаги кокилига боғланган тилла қўғирчоқлар нафис жиринглар, кумуш эгарга тақилган нозик ҳалқачалар ажиб овозлар чиқариб шалдирар, лекин Мирзо Улуғбек буларнинг ҳеч бирини эшитмас, у ҳатто суюкли оқ бедови юлқиниб олдинга талпинаётганини ҳам сезмай, фақат ўзи пайқамагани ҳолда, қўлидаги ипак тизгинни маҳкам ушлаб ўтирарди.
Аввалги куни кечаси ғам-андуҳдан уйқуси