аждодларининг юрти ётибди. Раҳматлик бобоси Амир Темур ҳам, Мирзо Улуғбек ҳам кўҳна Кешга бўлакча меҳр қўйган эди. Кешда, Амир Темур ҳукми билан барпо бўлган Оқсарой дахмасида барлос уруғи зодагонларининг хоки ётибди! Бобоси Амир Темур бирламчи – доруссалтана Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган, туман орасидан базўр кўриниб турган довон этагида эса одам кирса адашиб қоладиган “Боғи биҳишт”ни барпо қилдирган эди. Чиндан ҳам биҳиштга ўхшаган бу боққа олис Мисрия хурмоларию, хушбўй хитой олмаларини, Ҳиндистондан эса ажойиб банан дарахтларини келтириб ўстирган эди. Боғда, тоғ этагидаги хушбўй арчазорларда, шохлари қулочга сиғмайдиган оқ архарлар, ўйноқи кийикчалар, кўзлари маъсум оҳулар гала-гала бўлиб юрарди. Тиниқ, шаффоф булоқларда, оқ мармардан ясалган ҳовузларда олтин балиқчалар сузарди… Бобоси Темур қийин сафарлардан чарчаб қайтганида, аксарият шу боғда ҳордиқ чиқарар, тоғ ёнбағридаги хушбўй арчазорларда ов қилар, хорижий улус элчиларини ҳайратга солувчи шоҳона зиёфатлар, маъракалар ўтказарди… Ким билсин, ҳозир бу боғда унинг қўшини турибдими ё шаҳзода Абдуллатифнинг лашкари забт этиб, ҳаммаёқни пайҳон қилмоқдами?.. Боя пешинда амир Султоншоҳдан хабар олгани кетган суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир ҳанузгача қайтмади…
Кимдир орқадан келиб унинг тиззасига қўлини қўйди.
– Аълоҳазратлари афв этсинлар… Қўнмоқ даркор. Намози аср қазо бўлар…
Офтоб ботган бўлса керак, теварак қоронғилашиб қолган, ҳаво совиб, яна кечагидай этни жунжиктирувчи изғирин бошланган эди.
Мирзо Улуғбекнинг кўзи шаҳзода Абдулъазизга тушди. Боя от ўйнатиб юрган шаҳзода энди қундуз ёқали сувсар пўстинига ўраниб, отда ғужанак бўлиб ўтирарди. У аз рўзи азалдан шундай – дам шод-хуррамликдан оламга сиғмай ҳовлиқади, дам ғамандуҳга чўмиб, мажнунсифат бўлиб қолади.
– Саройбон қайда? – деди Улуғбек ўғлига. – Тўхтамоққа фармон бер!
Сал ўтмай, орқада ноғора товуши янгради. Лашкар катта йўлнинг икки томонидаги ялангликда тўхтади. Ўнлик ва юзликларга бўлинган қўшин ҳар жой ҳар жойда тўхтаб, гулхан ёқиб, овқат пиширишга тутинди. Ҳавода тезак ва шувоқ ҳиди анқиб, изғириннинг совуқ нафасини хиёл босгандай бўлди.
Аълоҳазратларининг юз кишилик ипак саропардасини йўлнинг сўл томонидаги “Қароқчи тепа” деган қирнинг этагига тикишди. Ундан пастроққа сарой маҳрамларининг чодирлари тикилди. Баковуллар саксовул ёқиб, найзадан узун сихларга бутун-бутун нимталарни қадаб кабоб пиширишга киришишди. Одатда бундай юришларда кечқурунлари барча амирлар, беклар, юришда иштирок этган саркардалар ва аркони давлатлар аълоҳазратларининг юз кишилик ипак чодирига таклиф қилинар эди. Баковуллар дастурхонга энг яхши таомлар тортишар, олтин косаларда бода ва қимиз кўпирар, гоҳо машшоқлар ва раққосалар таклиф қилиниб, базми жамшид тонг отгунча давом этарди. Лекин ҳозир Мирзо Улуғбекнинг кўнглига қил ҳам сиғмас эди. У намози асрдан кейин тамаддига ёлғиз шайхулислом Бурҳониддин ҳазратларини