кўкнори эзар, баъзилар жулдур белбоғларини ечиб, қора дориларини олар, шундан кейин кайфу сафо, фисқи фасод, ғийбат, гоҳида уруш-жанжал бошланиб кетар эди. Ҳайратда қолган Қаландар Қарноқий бир ўйида бошини олиб қочмоқчи ҳам бўлди. Лекин кейин бу ҳам Оллоҳнинг бир синовидур, деган хаёлга бориб, сабр қилди. Хонақоҳнинг энг хилват жойларига кириб олиб, тариқат билан машғул бўлди.
Шайх билан учрашадиган куни ҳам худди шундай бўлди. Қаландар шифти паст қоронғи хонақоҳнинг энг хилват жойига кириб олиб, жимгина тиловат қилиб ўтирарди. Ногаҳон ғала-ғовур тиниб, хонақоҳ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. Қаландар Қарноқий буни сезса ҳам, кўзини очмай оҳиста тебраниб, зикр тушишда давом этди. Шу пайт кимдир уни қаттиқ туртди.
– Бу не гумроҳлик? Не беадаблик?
Қаландар секин бошини кўтарди. Хонақоҳнинг эшигида, нуқул оқ жома кийган муридлар даврасида… оппоқ соқоли кўксига тушган, баланд бўйли, ниҳоятда кўҳлик бир чол унга ўткир кўзларини қадаб турарди. Уни туртган қаландарбоши – “Қашқир” лақабли ғилай дарвеш кўзлари ола-кула бўлиб бақирди:
– Беадаб гумроҳ! Тур ўрнингдан! Валинеъмат пиримиз шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари фақир хонақоҳимизга қадам ранжида қилгандурлар…
Қаландар Қарноқий ўрнидан тура бошлади-ю, боши хонақоҳнинг шифтига тегиб, икки букланганича қолди. Шайх ундан ўткир кўзларини узмай ном-насабини сўради.
– Даргоҳи илоҳийнинг гадойи, – деди Қаландар исмини айтгиси келмай. Шайх, Қаландарнинг куч ёғилиб турган бақувват жуссасига яна бир бошдан-оёқ разм солди-да, индамай хонақоҳдан чиқди. Эртасига шайх уни Бағдод қишлоғи ёнидаги ёзги қароргоҳига чақиртирди. Мусаффо булоқ бўйидаги ёш садалар соясида, шерозий гиламлар тўшалган шосупада ўтириб, Қаландар билан узоқ мусоҳаба қилди, доруссалтанага қачон, не тилакда келганини, насл-насаби, авлод-аждодларини бир-бир суриштирди. Унинг фоний дунёни тарк этиб, гадолик йўлини ихтиёр этганини маъқуллади, юз хил ноз-неъматлар билан меҳмон қилиб, кўнглини олди. Сўнг, Шоҳизинда хонақоҳидан “Мозори шариф” ёнидаги дарвешлар хонақоҳига ўтишини ва теваракка кўз-қулоқ бўлиб туришини топширди, зеро, даҳрий шоҳ боис доруссалтанада диёнатсиз бетавфиқлар кўпайиб кетганини уқтирди. Бундан бир-икки ой муқаддам шайх уни яна чақиртирди. Бу сафар “Мозори шариф” хонақоҳидан Гўри Амир ёнидаги қаландархонага ўтиб, Кўксаройдаги ишлардан воқиф бўлиб туришини тайинлади.
Шайхнинг бу тилаги Қаландарни бир ҳайратга қолдирса, бир изтиробга солди. Ҳайҳот! У зоҳидликка юз тутиб, гадолик йўлига кирганида бу бебақо дунё юмушларидан қўл ювиб, тун-кун тариқат билан бўлурмен, деб ўйлаган эди. Шайх бўлса тариқатни қўйиб, айғоқчилик қил, даҳрий шоҳнинг орқасига туш, деди. Қаландар эса, гарчанд мадрасани тарк этган бўлса ҳам, кўнглида Мирзо Улуғбек ҳазратларига ҳеч бир гина-кудурати йўқ, билъакс юрагининг бир четида ҳамон илиқ ҳислар милтираб турарди. Зотан, айғоқчилик қилиш фикри уни ижирғантириб юборди. У кўнглидаги шубҳаларни шайхга билдирмай, Гўри Амир ёнидаги хонақоҳга