Одил Ёкубов

Улуғбек хазинаси


Скачать книгу

оловга ўхшар – тафти қайтган эди.

      Мирзо Улуғбек навкарига қарамай қўл силтади.

      – Хўп… Қўшинларга фармон бер, баҳодир, орқага қайтамиз!

      Бобо Ҳусайн бошидаги дубулғасини тўғирлаб, қўлини кўксига қўйганича чодирдан чиқди. Унинг кетидан Шайхулислом Бурҳониддин ҳам қўзғалди. Шаҳзода эса юзтубан тушиб ётиб олди. Буни кўрган Мирзо Улуғбек, юраги зирқираб, ташқарига чиқди.

      Машриқ томон билинар-билинмас оқара бошлаган, лекин осмон ҳануз ғуж-ғуж юлдузларга тўла эди. Кечаси саҳрода лов-лов ёнган гулханлар сўнган, лашкарлар, гўё қоронғиликка сингиб кетган, фақат ҳар жой-ҳар жойдаги чодирлар қорайиб кўринар, даштда, айниқса машриқ томонда ўтлаб юрган отлар, туялар, хачирлар кўзга чалинар, қоронғида кишанларнинг шарақлаши эшитилар, олисда узоқлашиб кетаётган от дупури қулоққа чалинарди…

      Мирзо Улуғбек қўлларини кўксида қовуштирганича осмонга тикилиб узоқ турди.

      О, юлдузлар… юлдузлар!.. Мирзо Улуғбек эллик йил уларга ошифта бўлди. Кечаларни бедор ўтказиб, ҳар бир ситора, ҳар бир юлдузнинг буржини, яъни, ҳаракатидаги чамбар йўлини кузатди. Ҳайҳот! Қирқ йил умрини сарф қилиб, юлдузлар сирини, коинот сирини ўрганди-ю, замин сирига, инсонлар ҳаётига келганда ғафлатда қолди. У фалак сирларини билсам, замин ва ҳаёт сирларини ҳам билурмен, деб ўйлаган эди. Йўқ, янглишди! Фалак сирларининг бир четини хиёл очгандай бўлди, лекин инсоният, наинки инсоният, ҳаттоким ўз пушти камаридан бўлган зурриётларининг юракларига қўл солиб кўролмади, матлаблари не? Билолмади!..

      Ана, уфқда, осмон оқара бошлаган жойда, унинг суюкли сайёраси – Зуҳро юлдузи порлаб турибди! Ундан юқорироқда, анча нарида, Муштарий аллақандай сўник милтирайди. Мунажжимлар, бу икки юлдуз бир-бирига яқин келган йили туғилгани сабаб, бобоси Амир Темурнинг бошига ҳумо қуши қўнган, дейдилар. Мана, бу икки ситора яна яқин келди. Лекин қани ўша, мунажжимлар айтган ҳумо қуши? Ё у шаҳзоданинг бошига қўнадурму?..

      Мирзо Улуғбекнинг хаёлини ноғораларнинг гумбур-гумбури, карнайларнинг суронли наъраси бўлди. Оқара бошлаган даштда от чоптириб юрган одамлар кўринди, қароргоҳ чўп суқилган ари уясидай ғувиллаб қолди.

      Мирзо Улуғбек таҳорат олиб, чодирга қайтди.

      Сал ўтмай, оёққа турган қўшин орқага, доруссалтана Самарқандга қараб йўл олди.

      8

      Шайх Низомиддин Хомуш Қаландар Қарноқийни бомдод намозига чақиртирган эди. Мана, кун ботиб, намози асрга азон айтилди ҳамки, ҳануз ҳузурига таклиф қилмади.

      Шайхнинг ички-ташқи ҳовлиси “Мозори шариф”га яқин, ичкари ҳовлисидаги кошоналари масжидга ёндош эди. Лекин шайх ҳазратлари бу кун масжидга ҳам чиқмади. Кун бўйи ҳузурларидан одам аримади. Чопар устига чопар келар, арбоби дин ва аркони давлат, аъён ва боёнлар, амирлар ташриф буюришар, қўш табақали залварли дарвоза бир сония ҳам ёпилмас эди.

      Қаландар Қарноқий ташқи ҳовлининг ўртасида мармар сарҳовуз бўйидаги шоҳсупада ўтириб, келган-кетганларни кузатар эди. Бир неча кундан бери Самарқандни ялаб-ямлаб эсаётган изғирин кундуз сал пасайди-ю, кечқурун яна авжга миниб, ҳовуз атрофидаги чинор ва оқ теракларнинг япроқларини