Одил Ёкубов

Улуғбек хазинаси


Скачать книгу

айланиб, уни яна таъқиб қилармиш…

      Мирзо Улуғбек ўзини Ясси боғларига урармиш, лекин калхат қиёфасига кирган Ўғабегим дарҳол боғлар устида пайдо бўлармиш. Мирзо Улуғбек ундан қочиб яна ложувард гумбаз тепасига қўнармиш. Шу пайт дахма ўртасидаги Хўжа Аҳмад Яссавий қабри дарз кетиб, ичидан… соқоли кўксига тушган серсавлат бир кимса чиқармиш. Уни Хўжа Аҳмад Яссавий деб ўйлаган Мирзо Улуғбек – покиза руҳлари гулшани бақода масрур бўлғай! – тавозе билан салом бериб ўтиб кетмоқчи бўлармиш. Шунда қабрдан бобоси Амир Темурнинг ўктам овози янграр эмиш.

      – Ҳой, шаҳзода, валиаҳдим Муҳаммад Тарағай! Қайга қочурсен? Тўхта!

      Мирзо Улуғбек қараса, қабр устида Хўжа Аҳмад Яссавий эмас, бобоси Амир Темур турар эмиш! Эгнида қора мовут чакмон, бошида учи найзасимон мис дубулға, белидаги камарида олтин сопли қилич, бобоси қовоғини солиб, дарғазаб бўлиб турармиш.

      – Султон Муҳаммад Тарағай! – дермиш у, қовоғи ёзилмай. – Мен сени ўн тўрт яшар чоғингда Мовароуннаҳр тахтига ўтқазганимда умидим шу эдими? Қани айт-чи, Моваруннаҳр султони: мен бу дашти азимда Хўжа Аҳмад Яссавийга бу мақбараи муаззамни нечун қурдирдим? Муродим не эди маним?

      Уни ҳамиша эркалаб гапирадиган бобосининг товушидаги бу қаҳр Мирзо Улуғбекни сескантирса ҳам ўзини босиб жавоб берармиш:

      – Бу мақбараи муаззани қурдиришдан муддаонгиз ул пири муршид Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг покиза руҳини шод этмоқдур, қиблагоҳ…

      – Покиза руҳларини шод этмоқ! – деб заҳарханда билан кулармиш Амир Темур. – Бу мақбарани тикламоқдин муродим; бирламчи қора халқни, иккиламчи Олтин Ўрда ила Қалмоқ ва Дашти Қипчоқ хоқонларини титратмоқ эди!.. Нотинч қора халқ бу дахмаи муаззамни кўриб даҳшатга тушсин, туну кун тиз чўкиб тавоф қилсин, эски ғанимларим бўлмиш Олтин Ўрда ила қалмоқ хоқонлари эса менинг сарҳадим шу маҳобатли мақбара эканини билиб даф бўлсин, ани босиб ўтмоқдан ҳайиқсин, деб барпо этган эдим буни! Аттанг! Олтин тахтимни сенга ишониб топширғанимда не бўлди? Ана, пастга қара! Қузғун Бароқбек суворийлари шаҳарни забт этар, бу муқаддас даргоҳни топтар, хор қилар!

      Бобоси қалтироқ босиб, қисиқ кўзларида ўт чақнаб, шаҳарга имо қилармиш.

      Мирзо Улуғбек қараса, атрофидаги шаҳар кўчаларида, икки ёни раста мавзеларда қалмоқбашара суворийлар, ойсимон эгри қиличларини ўйнатган ясовуллар сурон солиб от ўйнатишар, уйларга ўт қўйишар, ҳаммаёқ дуд ва ёнғин ичида қолган эмиш.

      – Мовароуннаҳр ўт ичида қолди! – бақирармиш бобоси. – Сен эса бу орсиз хотининг бирлан бу мозор устида бешарми ҳаё ўйнашиб юрасен! Билиб қўй: бошингга бу тожни мен қўндирган эдим, мен олиб ташлайман!.. Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасен, ё тожимни қайтариб берасен!

      Амир Темур қаҳр билан унга томон юрармиш. Мирзо Улуғбек даҳшатга тушиб, орқага тисарилармиш… У гўё асфаласофилинга қулаётгандай бўлиб уйғониб кетди… Лекин ўшанда уни бу мудҳиш тушдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса шу бўлдики, тонг