Одил Ёкубов

Улуғбек хазинаси


Скачать книгу

Тўхтамишхон билан жанг қилганида унинг аҳволи танг бўлиб, Олтин Ўрда лашкари устун кела бошлабди. Шунда Сайид Барака ҳазратлари бир ҳовуч майда тош олиб, сакраб отга минибди-ю, такбир садосини ўқиб наъра тортганича қўлидаги тошларни ёв томон сочиб юбориб, душман сафига бостириб кирибди. Буни кўрган бутун лашкар “ёв қочди” деган сурон билан ғанимлар сафига от солдириб борибди-ю, душманни пароканда қилибди.

      Шайхулислом, гўё унинг ўйларига тушунгандай:

      – Тожу тахт қўлингизда эркан, маҳкам туринг, давлатпаноҳ, – деди вазминлик билан. Саҳар-мардон йўлга чиқибмиз, ҳанузгача Кешдан чопар йўқ. Ҳировул қўшинларнинг аҳволи не? Бехабармиз…

      Шайхулислом гапини тугатмаган ҳам эдики, ташқарида от туёқларининг дупури, посбонларининг таҳдидли овозлари эшитилди. Кейин кимдир чодирга кириб, пойгакка юмалай кетди. Уни дабдурустдан танимай қолган аълоҳазратлари шайхулисломнинг:

      – Амир Жондор тархон? – деганини эшитиб, бир сапчиб тушди.

      Ҳа, шайхулислом янглишмаган, ялангбош, белидаги шамшири бир томонга оғиб кетган амир Султон Жондор пойгакда юмалаб ётарди.

      Мирзо Улуғбек қалтироқ босиб ўрнидан турди, ўз овозини ўзи танимай:

      – Лашкар? – деб бақирди. – Ҳировул қўшинлар не бўлди?

      Амир Жондор қаддини ростлади, лекин Мирзо Улуғбекка тик қарашга юраги дов бермади. Қалпоқсиз, қилич изи қолган тақир бошини осилтирганича:

      – Аълоҳазратлари, бир қошиқ қонимдан кечгайлар, – деди. – Ҳировул қўшинлар қопқонга тушмиш.

      – Сўзла!

      – Давлатпаноҳ! – деди Амир Жондор. – Шаҳзодаи жувонбахт камида ўн минг сипоҳни пистирмага қўйиб, довонда кутиб ётган эркан. Бизнинг қўшинларни қопқонга тушириб, наҳангдай ютиб юборди…

      – Амир Султоншоҳ қайда?

      – Ўлимдан хабарим бор ва лекин амирдан хабарим йўқ, онҳазратим…

      Мирзо Улуғбек чодирнинг ўртасида қора қундуз телпаклик катта бошини эгиб, қотиб қолди. Тепадаги шамларнинг титроқ шуъласида у худди чўнг қояни эслатар, бошидаги учига дур қадалган қундуз телпаги, ёноқлари туртиб чиққан мисдай қорамтир юзи, қийғир бурни, ҳатто қалин жингалак соқоли – ҳаммаси тошдан ўйиб ясалганга ўхшарди.

      – Тўнгакдай юмалаб ётмай ўрнингдан тур, амир! – деди у амир Жондорга. – Бошингдаги амирлик аломатинг қайда? Белингдаги қиличингни тўғирла! Боракалло сендай саркардага! – Мирзо Улуғбек ҳансираб сўзида тўхтади. Унинг томирларида бобосининг қони жўшар, юрагида бобосининг ҳислари кўпирарди. – Қуёнюрак амирлар! Агарчи сенлар шаҳзодадан қўрқсанглар, у билан ўзим олишамен!

      Амир Жондор орқаси билан тисарилиб чодирдан чиқди. Мирзо Улуғбек ялт этиб ўғлига қаради. Шаҳзода Абдулъазиз ранги ўчиб, кўзлари бежо жавдираб ўтирар, пастки жағи ғалати қалтирар эди. Мирзо Улуғбек юраги увишиб:

      – Бор! – деди. – Ясовулбошига айт. Барча амирларга, аъёну боёнларга фармон берсин: дарҳол чоноқийга йиғилсин!..

      Мирзо Улуғбек жойига бориб ўтирди, у ҳамон қалтирар, кўзларининг чақнашида, бурун катакларининг пирпирашидан бўлакча бир қатъият ва шиддат