Одил Ёкубов

Улуғбек хазинаси


Скачать книгу

қийғир бурун, хушсурат хотин бўлса ҳам, фариштаси йўқ, чеҳраси совуқ аёл эди. Бобоси Амир Темур Кўрагоний шаҳодат шаробини ичгандан бери Гавҳаршод бегим бу кийимни, кўк ипак кўйлаги билан кўк рўмолини ташламас, гўё Соҳибқирон учун то ўлгунча мотам тутган, шу билан бу дунё ишларидан қўл ювиб, у дунё ғамига ўтган эди. Ҳайҳот! Амир Темур Оллоҳ раҳматига йўл тутиб, Хуросон тахтига Шоҳруҳ Мирзо ўтирибди ҳамки, Гавҳаршод бегим тожу тахтни ўз қўлига олди. Саройни жоҳил гумроҳлар ила Хоқони Саидни кўролмайдиган бадхоҳларга тўлдириб юборди. Ҳирот фисқи фужур уясига айланди. Шоҳруҳ Мирзони чалғитиб, сайидларни қатл қилдирган, шаҳзодалар орасига низо туширган, суюкли набираси Алоуддавла билан Абдуллатифни бир-бирига қайраб солиб қатлу қирғин чиқарган ҳам, эвоҳ, шу волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегим бўлди!.. Бу фитнаю хунхорликлардан иш чиқмагач, ўз ўғли Мирзо Улуғбекка “шоҳи Шарир”23 деган ном тақиб, шаҳзода Абдуллатифни қайраб солди. Шаҳзода эса… Нақшбандийлар жамоасининг раҳнамоси шайх Низомиддин Хомуш янглиғ дин пешволарининг домига илиниб қолди. О, хурофот ботқоғига ботиб қолган бу жоҳил уламолар! Илгари, Мирзо Улуғбек тахтда муқим ўтирган маҳалда улар тишларини тишларига қўйиб бўлса ҳам чидаб юришган эди. Лекин Мирзо Улуғбек Хуросон юришидан ғолибиятсиз қайтди ҳамки, дарҳол бош кўтариб чиқишди. Мирзо Улуғбек инонган лашкарбошилари эса… Юксак рутба, шон-шавкат ва зеб-зийнатга ўч бу амиру умаро эса… фақат тахт соҳиби кучда турган маҳалдаёқ қўл қовуштириб туради. Салтанат сал тебрансин, дарҳол юз ўгирди. Кимнингки қиличи ўткир – улар шунга хизмат қилади!

      Ҳа, Хуросон юришидан кўп бойлик, юксак рутба ва шоншавкат кутган саркардаларнинг ҳамма умидлари пучга чиқди. На чора, бу оғир юриш зафар келтирмади. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек ўз ўғли Абдуллатифга қарши қўшин тортиб, Жайҳун бўйларига отланганида эса, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулъазиз кўп номақбул ишлар қилиб, бир қанча нуфузли амирларни унга қарши қўйди, урушдан чарчаган фуқаро ҳам ундан совуди. Оқибат, мана қирқ йиллик меҳнати хавф остида турибди!..

      Мирзо Улуғбек бу ўйлардан боши ғовлаб, пешонасини ишқалади, яна бир пиёла шароб ичди, лекин уни ўз қаърига тортган туғёнли ўйлар гирдобидан чиқолмади.

      У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дилдилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди. Ахир наҳот унинг шунча хизматлари, илми маърифат йўлида чеккан заҳматлари, сарф этган бойликлари, фуқаро учун қурдирган ҳаммому қаздирган ариқлари, наҳот бунинг ҳаммаси инобатга ўтмаса? Наҳот бўлғуси насллар уни бошқа шоҳ ва бошқа фотиҳлардан фарқ этмаса? Али Қушчи ўйлайдики, Мирзо Улуғбек салтанат талашмасдан тожу тахтни шаҳзодаларга бериб, илму идрок йўлига ўтса бас, шаҳзодалар уни ўз ҳолига қўярлар, суюкли ишинг билан шуғуллан деб, расадхона ва мадрасаларнинг дарвозаларини очиб берадилар. Ҳайҳот! Али Қушчи ўйлагандай осон бўлганида Мирзо Улуғбек бу бевафо ҳокимиятни аллақачонлар тарк этиб, ўзини суюкли ишига бағишламас эрдими? Бошидаги