священной жертве Аполлон,
В заботах суетного света
Он малодушно погружен;
Молчит его святая лира
Душа вкушает хладный сон,
И меж детей ничтожных мира
Быть может, всех ничтожней он.
Но лишь божественный глагол
До слуха чуткого коснется,
Душа поэта встрепенется,
Как пробудившийся орел…
Номаълум таржимон бу шеърни 1899 йилда бундай таржима қилган: «Ҳар қаю баланд даражадаги шоир шоирлик хусусида фикр ва хаёл айламаган вақтда бўлак одамлардек умр ўтказадур. Ул вақтда мазкур шоир назм айламай, индамай, уйқудагидек турадур. Ва шул вақтда шоир ўзи кўп зеҳнлик бўлса ҳам, ер юзидаги бўлак одамлардан бечора, пастроқ кўринадур. Ва лекин шоирнинг кўнглига худонинг илҳоми бўлса, ул шоирнинг жони жунбишга кириб, уйқудан уйғониб турган бургутдек осмон тарафига ўз фикрини парвоз қилдиради…»
Бу «таржима»да XIX аср сўнгги – XX аср аввалидаги ўзбек таржима мактабининг ҳам, ўзбек адабий тилининг имконият даражаси ҳам, худди кўзгудагидек, яққол кўринади. Ўтган 30–35 йил ичида ўзбек адабий тили шу қадар гўзал бир тарзда шаклланган эдики, ҳатто Шекспирнинг «Ҳамлет»и-ю Пушкиннинг «Евгений Онегин»ини ўзбек тилига юксак бадиий савияда таржима қилиш имкони туғилди. Бунда Чўлпон билан бирга Ойбекнинг ҳам ҳиссаси беназирдир.
Ҳали «Онегин» Чўлпон ва Қодирий тилида сўзламай туриб, Элбек Пушкин асари таъсирида, ўзбек адабиётида биринчи бўлиб 1934 йилда «Тозагул» шеърий романини ёзган эди. Орадан 30-йилларнинг фожиали ва 40-йилларнинг суронли воқеалари ўтгач, Мирмуҳсин 1958 йилда «Зиёд ва Адиба» шеърий романини яратди. Кейинчалик шеъриятнинг бу муаззам жанрига Ҳусниддин Шарипов билан Муҳаммад Али ҳам мурожаат этиб, «Бир савол» (1972) ва «Боқий дунё» (1981) асарларини шеърият мухлисларига ҳадя этдилар. Пушкин романининг ўзбек тилига таржима этилиб, ўзбек китобхонларига манзур бўлиши миллий адабиётимизда шеърий роман жанрининг шаклланишида муҳим омил бўлди.
«Пушкинни ўқиш, ўрганиш, – деган эди Ойбек рус шоирининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий анжуманда, – ва, айниқса, уни ўзбек тилига таржима этиш орқали шоирларимиз Пушкиндан маҳорат сирларини ўргандилар. Ўзбек поэзиясига кириб, ўзлашаётган қатор шеърий формалар – баллада, элегия, «бағишлов»лар – бари Пушкин поэзиясидандир. Бу кунги достонларимиз Пушкин мактабида ўқиш ва ўрганишнинг натижаси ҳамдир. Шеър тузилиши ва қофиялар системасида ҳам улуғ рус шоирининг «сабоғи»ни кўриш мумкин. Айниқса, ўрта асрларга хос эстетик нормалардан янги, реалистик, жонли, табиий образлар системасига ўтишда Пушкин бизнинг шоирларга муаллим бўлди».
Бу сўзлар айтилган 1949 йилдан кейин, айниқса, XX асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиёти дарвозалари кенг очилиб, жаҳоннинг бошқа мумтоз ва барҳаёт ёзувчилари ҳам ўз асарлари билан кириб кела бошладилар. Улар ижоди билан танишиш, уларнинг сара асарларини она тилига таржима қилиш миллий адабиётимиз бадиий уфқларининг янада кенгайишига имкон берди.
Аммо бу ҳол Пушкин ижодининг ҳозирги кундаги қимматини асло пасайтирмайди. Ўзбек китобхонлари буюк рус шоири асарларини севиб ўқишда, шоирларимиз эса ундан сабоқ