Александр Пушкин

Евгений Онегин


Скачать книгу

деди: «Ҳаммасин янгилаш керак;

      Балетга шунча вақт сабр этиб тўздим,

      Лекин Дидлодан ҳам, ниҳоят, бездим»(4).

XXII

             Севги тангрилари, жинлар, илонлар

      Ўйнашар, сакрашар ҳали саҳнада,

      Чарчаган лакейлар* ухлаб ётишар

      Пўстинга ўралиб тиш остонада.

      Ҳали тўхталмаган кезиш, типирлаш,

      Тупуриш, йўталиш, чапак, пиқирлаш.

      Ичкари, ташқари ҳали чароғон.

      Фонарлар ҳар ерда нур сочар хандон.

      Совуқдан отлар-да уринар ҳали,

      Эгар, жабдуқлардан безган, чарчаган,

      Кучерлар гулханни ўраб қуршаган,

      Сўкар жанобларни кўп ишқаб бари:

      Бизнинг Онегин-да чиқиб қолади,

      Уйга, кийингали у йўл олади.

XXIII

             Танҳо бир бўлманинг мен тасвирини

      Чиза оламанми тўғри ва чевар,

      Ки бунда моданинг ўрнак шогирди

      Кийинар, ечинар ва пардоз этар?

      Резаворчи Лондон бўш ҳавас-орзу

      Учун не молларни ишлаб сотса-ю,

      Болтиқ денгизида кўпирган тўлқин

      Бизга на келтирса ёғоч, мой учун…

      Фойдали бир ҳунар, санъат деб билса

      Парижда очкўз завқ нимани уч кун,

      Энг янги сафо, ноз ва зийнат учун,

      Эрмак, шўхлик учун ихтиро қилса,

      Шуларнинг ҳаммаси ўн саккиз ёшли

      Файласуф ўйини безарди яхши.

XXIV

             Истанбул қаҳрабо трубкалари,

      Столда бронза, чинни қалашир,

      Энг нозик ҳисларнинг орзу-нашъаси –

      Биллур шишаларнинг ичида атир.

      Тароқлар, пўлатдан кўп аррачалар,

      Тўп-тўғри ва эгри ҳар хил қайчилар,

      Чўткалар ўттиз хил, баъзиси тишга,

      Баъзиси тирноқни тоза қилишга,

      Руссо39 (мен бу гапни қистириб ўтай)

      Англай олмаганди ёнида доим

      Тентакча хушсуҳбат, савлатли Грим40

      Тирноқ тозалашга жасорат қилгай(5)

      Эрклик ва ҳуқуқнинг ҳимоячиси,

      Мана шу тўғрида том ҳақсиз эди.

XXV

             Тирноқ гўзаллигин ўйламоқ мумкин,

      Ишли, жиддий одам бўлсанг-да доим!

      Замон-ла бекорга баҳслашмоқ нечун?

      Инсонларда одат мустабид ҳоким.

      Иккинчи Чаадаев41 бизнинг Онегин,

      Гап-сўз бўлишликдан қўрқар эди чин.

      Кийиниш бобида у эди педант,

      Биз айтиб ўтгандай олифта-франт.

      Лоақал уч соат ўз вақтини у,

      Ойналар олдида ўтказар эди.

      Пардоз бўлмасидан у чиқар эди,

      Венерага42 ўхшаш енгил ва сулув:

      Эркакча кийиниб гўё бир пари

      Маскарадга борар ноз-карашмали.

XXVI

             Сўнгги завқ-дид учун муносиб кийим,

      Пардоз-ла жалб этиб диққатингизни,

      Онегин безагин ёза билардим,

      Билимдонларга мен қолдирмай чизги.

      Жасорат бўларди, албатта, бу ҳам,

      Уни тавсифламоқ, зотан, вазифам,

      Нетайин, панталон, фрак ва жилет,

      Булар рус тилида йўқ, бу сўзлар