Абдукарим Усмонхужаев

Энг яхши даво


Скачать книгу

Ҳақиқатан ҳам ҳамма ҳиссиётлар ва кечинмалар асабий таранглик билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Психотерапевтлар бу ҳолатни «Стендал синдроми» номи билан атаганлар.

      Стендал 1817 йилда, Флоренция музейларидан бирида Уйғониш даври тасвирий асарларини кўриб чиқаётган пайтида, бу ҳисни бошидан кечирган эди. Таассуроти шундай кучли эдики, у шу ернинг ўзида ҳушидан кетиб йиқилди. Бунақа ҳодисалар содир бўлиб тургани учун туризм бошқармаси бунақа асабий таранглик табиатини ўрганишга бир неча ўнлаб миллион долларни ажратди.

      Бу ҳолат ҳаммада ҳам юз беравермайди, ҳар бир томошабин ҳам гўзаллик олдида ҳушидан кетиб, йиқилмайди. Биз, гўзал қизни ойнаижаҳонда кўриб қолиб ёки қизнинг юзидаги парда кўтарилиб кетган пайтида уни кўриб қолиб, ҳушидан кетган йигитлар ҳақидаги достон ва эртакларни кўп эшитганмиз, аммо гўзал санъат олдида ҳушини йўқотиш ҳақида кам нарса биламиз.

      Бир неча йил аввал Санкт-Петербургдаги Эрмитажда «Иван Грозний ўз ўғлини ўлдирмоқда», деб номланган картинани томоша қилиб, азбаройи таъсирланиб кетганидан, Иван Грознийнинг кўзини пичоқ билан дабдала қилиб ташлаган Максим Балашов деган йигит ҳақида рўзномалар шовшув кўтаришиб, уни салкам жиннига чиқариб қўйишганди. Балки М. Балашовни бу ишда қоралаб бўлмас, балки у санъат олдида, мусаввир санъати олдида лол қолганидан шу ишга қўл ургандир. Балки у санъатни бошқалардан кўра теран ҳис этар. Бунинг учун қалб жуда нозик бўлиши керакдир? Унда, гўзаллик мусобақаси ғолибасининг юзига кислота сепиб юбориш ёки жуда машҳур одамларни, санъаткорларни маҳв этишга уринишларни, «фанат»ларнинг ўз «кумирлари» орқасидан нариги дунёга ҳам кетишдан тоймайдиганларини қандай тушунмоқ керак?

      Олимларнинг фикрича, салбий ҳис-туйғулардан кўра, ижобий ҳис-туйғулар асабни камроқ қўзғатар экан. Аммо баъзилари қувончнинг ҳаддан зиёдалигидан ҳушдан кетадилар, кутилмаган бахтдан ўлиб қоладилар.

      Француз комедианти Пьер Огюстен Бомарше отасига ўзининг «Севиля сартароши» асарини ўқиб берар экан, бундан тўлқинланиб кетган ота ўша ернинг ўзида жон таслим қилди. Бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Раж Капур ўз мамлакатининг энг олий даражадаги кинематография мукофотини Ҳиндистон президенти қўлидан олиш вақтида ҳушидан кетиб қолди ва орадан кўп ўтмай дунёдан ўтди. Ёки ўзимиздан мисол келтирсак, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилиб юрган ўғлидан қорахат олган она мотам тутиб юрганида, кутилмаганда дарвозадан соппа-соғ кириб келган ўғлини бир марта бағрига босиб, ўша ернинг ўзида жон таслим қилгани ҳақида эшитганмиз. Бу ҳолларнинг ҳаммасида инсон умрига завол бўлган қотил – асабий таранглик сабабчиси – адреналиндир. У қонда босимни шунчалик кескин кўтариб юборадики, босимга қон томири деворлари дош беролмай, ёрилиб кетади…

      Худога шукрки, ҳар кунги асабий тарангликлар бизда бу даражада кучли ҳиссиёт уйғотмайди.

      Кейинги ўн йилликларда бу ҳолат бизга шунчалик ҳамроҳ бўлиб қолдики, мутахассислар бу асаб қўзғалишларига оддий ҳол сифатида қарашга ўрганиб қолганлар ва энди уни касаллик деб ҳисобламай қўйганлар. Уларнинг айтишларича: «Асабий