Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

Қизларгаям тўлаб қўй.

      – Мени ноқулай аҳволга солиб қўйяпсан аммо-лекин… Хўп, хўп, мана. Сени хафа қилмаслик учуноқ.

      Мансур пулни оларкан, хижолат бўлаётганини яшириш учунми, машиналар қаторлашиб турган майдонга қараб қўйди:

      – Бизнинг дулдул жойида турибдими ишқилиб? Жа ошиғи кўп-да аммо-лекин.

      Дилшод мийиғида кулимсираб қўйди, Мансур ичкарига кириб кетди.

      Дилшод ним қоронғиликда мармардай ялтираб турган майдонча чеккасига ўтиб турди. Шу маҳал унинг ёнгинасида ҳазин илтижо эшитилди:

      – Садақа қилинг, амак. Садақа радди бало дейдилар… Садақа қилинг, амак.

      Дилшод ўгирилди. Бетон суянгичга ўтириб олган ўттиз ёшлардаги, катак-катак кенг кўйлагига ўраниб олган тиланчи аёл унга мўлтираб қараб, қўл чўзиб турарди.

      Йигит чўнтагини кавлаб, ғижимланган икки юз сўмликни олди-да, тиланчига тутди. Аёл афтини буриштирди:

      – Каттароғидан йўқми, амак? Бунингизга битта аччиқ буханка ҳам бермайди-ку.

      Бу гапдан жаҳли чиққан Дилшод аёлни жеркиб берди:

      – Мен пулни супуриб олмайман, олсангиз шу, олмасангиз катта кўча.

      Тиланчи кекирдагини чўзди:

      – Бўйнингга илоннинг тилидай қилиб галстук бойлаб олибсан-у, тиланиб турган бечора бир аёлга йиртилиб кетган икки юз сўмликни раво кўрасан. Шуми инсоф?

      Дилшод эътироз билдирмоқчи бўлди, лекин тилига муносиб сўз ҳадеганда келавермади. У қўл силтади-да, чўнтагидан яна битта икки юз сўмлик чиқариб узатди:

      – Етадими?

      – Э, амак, бу ердан чиққанлар камида минг беради менга ўхшаганларга.

      – Тиланчимисан, талончимисан?

      Дилшод кенггина зинанинг бу чеккасига ўта бошлади. Чаққон аёл икки ҳатлашда шу тарафга ўтиб, яна бетон суянчиққа чиқиб ўтириб олди, қўлини чўзди:

      – Садақа қилинг, амак…

      – Э, жонга тегдинг-ку!..

      Дилшод яна бир бор жаҳл билан қўл силтади. Аммо аёл кутилмаганда сал энгашдими, ишқилиб, ногоҳ йигитнинг қўли унинг елкасига тегиб кетдию, чайқалиб кетган тиланчи «Вой!» деганча пастга қулади.

      Дилшод жойида донг қотди. Ичкаридан чиқиб келаётган Мансур буни кўриб қолиб, қичқириб юборди:

      – Уҳ!

      Мансур зиналардан югуриб тушиб юзтубан ҳолида ётган тиланчи аёлга қаради, энгашиб кафтининг орқа томонини унинг бўйнига қўйди ва шу заҳоти отилиб турасола чопиб майдончага чиқди.

      – Кет! Дарров кет!

      Ҳамон карахт Дилшод аранг сўрай олди:

      – Нима… нима бўпти?

      Мансур Дилшодни судрагудай қилиб «Нексия»си ёнига олиб борди-да, унинг чўнтагидан калитни олиб, пульт тугмачасини босди, эшикни очиб, йигитни ичкарига киритган заҳоти калитни бураб, моторни ўт олдирди.

      – Тез кет, ўртоқ!

      – Нима… нима бўпти ўзи?

      Мансур қон кафтини кўрсатиб, қаттиқ шивирлади:

      – Ўлиб қопти! Томири урмаяпти. Мияси билан бетонга урилипти аммо-лекин. Юзи мажақ бўлган, миясининг қатиғи чиқиб, ҳамма ёққа сочилиб кетган.

      Дилшод юзини чангаллаб қолди.

      Катта кўчадан ўтаётган «Тез ёрдам» машинасининг чироқлари уларни ёритганди,