Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

хайр.

      Ўктабр ота шифокорни алқаб қўйди:

      – Сен яхши бола экансан.

      Серсенбой ота унга жўр бўлди:

      – Раҳмет.

      Турғунбой ота ҳам бир оғиз:

      – Раҳмат, – деди.

      Тиббиёт қутичасини қўлига олаётган шифокор уй бекасига қараб «Ташқарига чиқарсиз» дегандай ишора қилди, буни сезган Маърифат хола унга эргашди.

      Дарвоза ёнида турган «Тез ёрдам» машинасига яқинлашганлари маҳал Дониёр пастроқ овозда холага мурожаат қилди:

      – Гап-гап билан-у, лекин барибир отахонни касал… э, шифохонамизга бир обормасангиз бўлмайди, хола. Ҳамма анализларни кўриб чиқишимиз керак. Нимагадир менга отанинг юрак уриши унчалик ёқмай турибди. Бир эшитсангиз тез, бир эшитсангиз секин. Хуллас, нотекис.

      – Албатта оборамиз, ўғлим. Сизга катта раҳмат. Илойим умрингиздан барака топинг.

      – Арзимайди, холажон… – Дониёр атрофга аланглади: – Айтгандай, болалар кўринишмадими?

      – Ёлғиз қизимиз Тошкентга тушган.

      – Ҳм-м.

      – Чақирсаммикан?

      – Агар келиб-кетиши бемалол бўлса…

      – Бемалол, болам, бемалол. Ўзининг мошинаси бор. Ўзи ҳайдайди.

      – Унда чақирганингиз тузук. Балки отахон қизини соғингандир… – Дониёр Маърифат холанинг жунжикиб кетганини кўрди: дарё томондан салқин эпкин эса бошлаганди. – Сиз уйга кирақолинг. Қимизбозлик кучайиб кетмасин яна. Хайр.

      – Яхши етиб боринглар.

      Маърифат хола шошиб уйга кирди.

      Дониёр юлдузлар чақнаб турган осмонга қаради, кейин чўнтагидан сигарета олиб чекди. Дарвоза ёнида туриб қолган ҳамшира қўл телефонини унга қаратди:

      – Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифасига кирадиган шифокор бурқситиб сигарета тутатмоқда. Изоҳ талаб қилинмайдиган манзара!

      – Эсдалик учун суратга олиб қўйишинг мумкин, – кулимсиради Дониёр.

      Гўзалой ростданам суратга олди, сўнг қўл телефонини сумкачасига солиб қўйди-да, машинага ишора қилди:

      – Термосда сиз яхши кўрадиган аччиққина қаҳва бор. Бир чашка берайми?

      – Яхши бўларди…

      Шопмўйлов ҳайдовчи Эркин сигнал берди:

      – Дониёржон! Шошилинч чақирув!

* * *

      Фурсат етди, шаҳри Тошкентдаги кўп қаватли «банковский» уйлардан бирига ҳам бирровгина кўз ташлаб ўтамиз. Бу пойтахт ишбилармонлари орасида анчагина танилиб қолган адвокат Файзулланинг хонадони.

      Бу оқшом ҳам Гулноза кайфиятсиз тарзда телевизорга тикилиб ўтираверди, ўтираверди. Ахийри эшик қўнғироғи жиринглади. Жувон илдам бориб очган эшикдан машҳур чарм сумкасини ёнига осган Файзулла гандираклаб кириб келди, тили қалтираб, аранг салом бера олди:

      – Ас-ассалому алайкум, хоним.

      Эрининг аҳволини кўриб энсаси қотган Гулноза индамасдан ичкарига кирди, пойабзалини ечган Файзулла унга эргашди.

      Жувон яна диванга ўтириб олган, қовоғини уйганча телевизор экранига тикиларди. Файзулла чайқалиб бориб хотинининг қаршисидаги креслога ўзини ташлади.

      – Уф-ф… Хотин деган жонивор ишдан чарчаб қайтган эрини яйраб-яшнаб, қучоқ очиб, ширин сўзлар билан кутиб олса-да. А, нима