Литагент Синдаров К.О. Selfpub

Туҳфа


Скачать книгу

қолса инсоф дарахти,

       Ёлғон бўлса йигитнинг аҳди,

       Кулганида номардлар бахти,

       Бу қиёмат – қойим дегани.

       Тешик бўлса савобнинг кети,

       Қалинлашса уятнинг бети,

       Сўнганида адолат ўти,

       Бу қиёмат – қойим дегани.

       Қизил қорлар ёғса ҳаводан,

       Дилга озор келса наводан,

       Хеш-хешига кечмас даъводан,

       Бу қиёмат – қойим дегани.

       Эрлар уйга кўмилса ночор,

       Хотин шўрлик тебратса рўзғор,

       Қиз – жувонга лиқ тўлса бозор,

       Бу қиёмат – қойим дегани.

       Банди этиб ҳавас аскари (н),

       Зафар қучса ҳасад лашкари,

       Оққанида сойлар тескари,

       Бу қиёмат – қойим дегани.

      Виқоридан кечса қоялар,

      Кун юзига солса соялар,

      Йўққа чиқса эзгу ғоялар,

      Бу қиёмат – қойим дегани.

      Бевафонинг келса замони,

      Қибла бўлса тўртта томони,

      Сўлиб қолса севги чамани,

      Бу қиёмат – қойим дегани.

      Эшак қурғур ўзганда отдан,

      Кечаги кун чиққанда ёддан,

      Инсон безор бўлса ҳаётдан,

      Бу қиёмат – қойим дегани.

2008 йил, 3 декабр

      НАҲОТ ИНСОН БИР ҚУШЧАЛИК БЎЛОЛМАСА

      Қалдирғочнинг меҳри бўлак айвонига,

      Узоқлардан талпинар ўз маконига,

      Балки вафо сингиб кетган қон-қонига,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Ўзгаларга таъна-дашном отмас улар,

      Кўча-кўйда масту алас ётмас улар,

      Ўлса ўлар, лек бир-бирин сотмас улар,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Асло ташлаб кетмас жажжи полапонин,

      Оч қолсада, ёрти қилмас ўзга нонин,

      Заҳмат ила териб ейди ўзин донин,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Кўп кузатиб, билмадим ҳеч хиёнатин,

      Балки ҳали йўқотмаган диёнатин,

      Дўсту ёрдан аямайди иноятин,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Шоирларга мавзу эмас садоқати,

      Қўшиқларда куйланмаган саодати,

      Вале достон этса арзир муҳаббати,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Бу оламга сиғмас, гарчи қилча жони,

      Шер олдида шер бўлади филча жони.

      Қалдирғочлар одамларнинг қадрдони,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Ёлғон-яшиқ миш-мишларни хушламайди,

      Ситам қилиб, ўзга кўзин ёшламайди,

      Тилло берсанг ўзга юртда қишламайди,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Чуғурлашса тушунаман ноласига,

      Рости, бизлар тенгмас патин толасига,

      Учиб кетгум, қўшса магар галасига,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

      Тизилишиб қаторида учгим келар,

      Тонгда туриб қушларга дил очгим келар.

      Қўшилишиб гулдан гулоб ичгим келар,

      Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!

2009 йил, март

      БЕЗИБ ҚОЛДИМ

      Безиб қолдим мансаб, амалдан,

      Қани деҳқон бўлиб қолсайдим.

      Воз