барча бепарво,
Тўғри сўзга синдирарлар чўп.
Безиб қолдим мансаб, амалдан,
Чиқмоқ мушкул лек бу қамалдан.
Бунда ёлғиз қалқоним китоб,
Ўч оламан қоғоз, қаламдан…
ЮРАГИМГА КИРДИНГ МУҲАББАТ
Узугимга ярашиқ кўздай,
Ашъоримга тизилган сўздай,
Қўшиғимга ҳамоҳанг создай,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Нурга кўмиб ҳаёт уйимни,
Осмон этиб басти – бўйимни,
Асир айлаб фикру ўйимни,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Тунларимни айлаб чароғон,
Кунларимни айлаб фаровон,
Вужудимга солиб ҳаяжон,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Безак бўлиб ҳаёт боғимга,
Тиргак бўлиб нажот тоғимга,
Мазмун бериб ёшлик чоғимга,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Дилда армон ипларин узиб,
Умидсизлик ғовларин бузиб,
Садоқатнинг сойидан сузиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Дилда қўзғаб нозик ҳисларни,
Қалбдан қувиб аёз, музларни,
Рўёб айлаб рўё, тушларни,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Гоҳида ғам, гоҳ қувонч бўлиб,
Гоҳо қайғу, гоҳ севинч бўлиб,
Гоҳо гумон, гоҳ ишонч бўлиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Ҳаловатнинг бағридан ўтиб,
Орзуларнинг қўлидан тутиб,
Ҳар тонг соғинч хатларин битиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Жон ичра жон улаб бу жонга,
Сингмоқ учун томирда қонга,
Ўқдек учиб, тўғри нишонга –
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
Мажнунликни этган ихтиёр –
Комилингни айлаб бахтиёр,
Гоҳ дўст бўлиб, гоҳо гўзал ёр,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
КЎЗЛАРИНГНИ СОҒИНИБМАН
Қарашингда олам сеҳри бор,
Муҳаббатнинг қайноқ меҳри бор,
Гўзалликдан балки фахри бор,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Чақнаб турар яшин мисоли,
Тепасида икки ҳилоли,
Киприкларинг – сарв ниҳоли,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Нигоҳларинг майин, иболи,
Ҳушим олар юзларинг оли,
Ўртар қароғларинг хаёли,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Ололмайман сендан нигоҳим,
Офтобим сен, ўзингсан моҳим,
Икки чашминг – ёрқин чироғим,
Кўзларингни соғинибман, оҳ.
Инжуларинг олади хушим,
Ўнгимда сен, сеники тушим,
Кокилларинг келтирар ғашим,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Нохос тушса менга назаринг,
Лов-лов ёнар лола узоринг,
Ғамзанг тиғи дилга озоринг,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Ўқлар отиб юракка пинҳон,
Жон олиб, сўнг бағишлайсан жон,
Вужудимда дилхуш ҳаяжон,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
Ишванг қилди қалбимни яра,
Дардим