сенда юрак бор экан.
Муҳаббатга боғланиб ипсиз,
Сен ҳам мендек интизор экан.
Жиндеккина чўғ тушса дилга,
Бир кун олов бўлмоғи тайин.
Дарди ошкор бўлади, дерлар,
Иситмасин яширган сайин.
Наҳот, севгинг шунча пинҳона,
Яширилган қалбинг тўрига.
Баҳор кўрсатмаса нишона,
Булбул тушмас сайёд тўрига.
Бардошингга қойилман – қойил,
Ишқинг ниҳон тутдинг шунча дам.
Қалбинг менга бўлса ҳам мойил,
Йиллар севгим рад этдинг бардам.
Менки сени билиб тошбағир,
Шеърлар битдим феълингга доир.
Ботганини сўзларим оғир,
Қайдан билай мен нодон шоир.
Бугун эса этак ортидан,
Кўринмоқда ойнинг жамоли.
Бедор қалблар қати-қатидан,
Эсганида умид шамоли.
Муҳаббатим қайноқ тафтидан,
Эридими кўксингдаги муз?
Йўқ, мен адашибман афтидан,
Бўлмагансан сен бағритош қиз.
Юракгинам оғрийди дебсан…
МУҲАББАТ
Ўзим қарши бўлдим ўзимга,
Қалбим қулоқ солмас сўзимга.
Қаролмайди кўзим юзимга,
Менга дўст ё ғаним муҳаббат?
Ўнгим зиддир, нетай сўлимга,
Ғовлар қўяр ўтар йўлимга.
Хаёлларим тушмас қўлимга,
Тушимми ё чиним муҳаббат.
Вужудимга киргандек тўзон,
Тол баргидек танамда ларзон.
Бир ён баҳор, бир ёнда хазон,
Билмам қайси оним муҳаббат.
Дилда жўшар ҳар хил туйғулар,
Бирда қувонч, бирда қайғулар.
Кўзларимга келмас уйқулар,
Қийнайди бу таним муҳаббат.
Бир қарамас юрагим йўқдай,
Бир қарасам кўкрагим чўғдай.
Кўксим узра қадалган ўқдай,
Ўртар жисму – жоним муҳаббат.
Азоблайди доғи ҳижрони,
Васли – ушшоқ аҳли армони.
Бевафонинг келса замони,
Терси кийгим тўним, муҳаббат.
Қалб мулкига озиғим ўзи,
Толеимга ёзиғим ўзи.
Излаб топар қозиғим ўзи,
Томирдаги қоним муҳаббат.
Кўзларимда қалқиган нурим,
Юрагимда асраган дурим.
Дилда пинҳон энг нозик сирим,
Номус-орим, шоним муҳаббат.
СЕВГИЛ, СЕВИЛ
Севгил, севил бўлганда имкон,
Муҳаббатни асрама пинҳон.
Юраккинанг турганда уриб,
Нечун керак шунча имтиҳон.
Муҳаббатни тутсангда ниҳон,
Дил тўрида тўхтамас тўфон.
Ўзинг минг бор кечганинг билан,
Гапга кирмас юрагинг нодон.
Вақти келиб, ҳар қиз, ҳар ўғлон,
Ишқ қасрига бўлади меҳмон.
Муҳаббатни ўйинчоқ билиб,
Севги боғин этмагин пайҳон.
Офтоб мисол қайноқ муҳаббат,
Муз юракни эритар албат.
Билсанг агар севги онлари,
Кўплар эта олмаган жаннат.
Ғаниматдир ёшлик чоғлари,
Ой