қаттиқ. Аёл боши билан юк ташиб юрипти. Боқувчиси бўлмаса, нима қилсин?
– Вой-воей! Буёғи энди ҳиндча кинога ўхшаб кетди. Боқувчиси бўлмаса, сенга нима! Сен ўзингни бил, ўзгани қўй. Ҳозир ҳаммага қийин!
– Ғўрсан-да, ҳали ука! – гапида давом этди Иброҳим ака. – Йўли шунақа бўлади, билдинг! Роса уста аёл эканми? – шериклари кулиб юборишди. Шоисломнинг баттар жини қўзиди.
– Ўзингиз билмаган аёл ҳақида нима қиласиз ёмон гапириб. Мана, пулларимниям қайтариб берди, – у киссасига қўл солиб, пулларни олмоқчи бўлди. Лекин… пул ўрнига бир даста қоғоз чиқди. Йиртиқ-пиртиқ бир уюм қоғоз. Шоислом кўзларига ишонмади. Қоғозларга қараганча қотиб қолди. Ахир, таксида ўзи санади-ку?
Иброҳим ака билан Азамат полвон кулиб юборишди.
– Беради-я, беради пулни!
Шоислом ўнғайсизликдан жиққа терга ботди.
– Аниқ эсимда, таксида санаган эдим. Ўттиз минг чиққанди, таксичи ҳам кўрганди… Таксичи?! Ўша олганмикин? – ўсал бўлиб қолди Шоислом.
Қўлида ушлаган бир даста пулнинг қоғозга айланиб қолгани уни гангитиб қўйганди. Таксичи олган! Ёки… ўша аёл таксичи билан шерикмикин?! Йўғ-э, таксичига бундан нима наф. Ундан кейин таксичини ўзи танлади-ку! Умуман, ҳаммаси ғалати… Шу тоб эшик қулфи ёдига тушиб, яна ҳайрон бўлди…
Кейинги кунлари Шоисломнинг иши кўпайиб кетди. Яхши ҳам шундай бўлди. Акс ҳол, ўша воқеани эслайвериб ақлдан озарди. Орада акаси билан янгаси уни кўргани келиб кетишди. Улардан ота-онасига пул бериб юборди. Шунда йўқолган ўттиз мингни эслади. Қаёққа кетди, ўша пул, ҳайрон.
Дилбар билан учрашганларига бир ой бўлиб қолганди. Энди у нохуш ҳодисаларни анча унутган, уни соғина бошлаганди. Дилбарни, ўйлаб ётиб ухлаб қолибди. Шунгами, уни тушида кўрди. Вокзалда Дилбар икки қўлида сумка кўтарганча жилмайиб турганмиш. Шоислом бориб, дарров сумкаларни олибди. Аммо улар еп-енгилмиш. Роса такси излабди. Вокзал атрофи бўм-бўш, биронта ҳам такси кўринмасмиш. Шунда Дилбар:
– Мен яқин йўлни биламан! – дебди сирли жилмайиб. – Яёв чиқса бўларкан, юринг, юринг… – йигитнинг қўлларидан тортиб йўл бошлабди у. Йигит инон-ихтиёрсиз унга эргашибди. Қараса… қишлоғининг йўлларимиш, лойсувоқ уй, пахса деворли илон изи кўчалардан кетаверишибди, оёқ остида тупроқ билқ-билқ қилармиш. Худди болалик йилларидагидай. Шунча юриб чарчамабди ҳам. Бир пайт қараса, шундоқ кўк эшикнинг олдидан чиқишибди. Аёл қулфни очмаса ҳам эшик ўз-ўзидан очилиб кетганмиш.
Сумкаларни кўтариб ичкари кирибди. Ташқаридан кўримсизгина кўринган уйнинг ичи саройдай безатилганмиш. Фақат театру катта саҳналарда бўладиган, қатлам-қатлам залворли дарпардалар, оёқ остига тўшалган ёрқин гиламлар. Буларни кўриб Шоисломнинг оғзи очилиб қолибди ва илк марта «бу оддий аёлга ўхшамайди!», деб ўйлабди. Фикрини тасдиқлагандай, аёл рўмолини ечиб, зулукдай сочларини ёйиб юборибди. Шоислом уялармиш-э, Иброҳим ака ҳақ бўлиб чиқди, деб. Аёл ойнага хомуш тикилганча йиғлаётганмиш.
– Мен ҳеч кимга керакмасман. Энди яшаб нима қилдим?! – дермиш.
Шоислом уни юпатмоқчи бўлибди.
– Қўйинг,