сонига ва қийматига қараб берилади, улар қанча кўп бўлса, жамоат фикри ҳам улар ҳақида бошқача, юқорироқ бўлади деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун тўйларга ва зиёфатларга, баъзан ёшлар йиғинларига ҳам борганларида бисотларида бор зеб-зийнатларининг ҳаммасини тақиб оладилар. Шу таққан тақинчоқлар рангларига, соч турмакларига, кийган кўйлакларига мосми, мос эмасми – бу билан уларнинг гўё ишлари йўқ. Гўё уларнинг мақсади бошқа: кўрдингизми, менинг қадрим баланд, нимани хоҳласам шуни олдиришга қурбим етади, демоқчи бўладилар. Чин жамоат фикри деган нарсани улар шу қадар тор тушунадилар. Кўпчилик ҳурматини шу тақинчоқлар билан оламан дегувчилар, улар ҳақида шу кўпчилик аллақачон «бозорчи аёлга ўхшайди-я» ҳукмини чиқариб қўйганини билмайди, билса ҳам, «ҳасад қиляпти» деб яна бошқа хатога йўл қўяди.
Зеб-зийнатнинг, тақинчоқнинг ўзига яраша маънавий юки, ўзига яраша маънавий қадрияти, тарбиявий аҳамияти бор деганда бошқа қиз-аёлларни назарда тутган эдик.
Бу тоифадагилар, бувингиз айтмоқчи, «жойи-жойида, эҳтиётини қилиб», хилини-хилига, рангини-рангига, кийган либосларига мослаб тақинчоқ тақадилар. Бу тақинчоқлар жойига қараб, балки қиммат ҳам бўлмас, лекин улар либосга уйғун бўлгани учун яхлит гўзал бир ансамблни ташкил этади. Одатда зиёли, диди юксак аёлларимиз шундай кийинадилар. Борини бозор қилиш, йўғини қўшнидан ёки қариндошдан «прокатга» олиб туриш уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.
Мен бир аёлни биламан. Беш фарзанди бор. Эллик ёшигача бир ташкилотда меҳнат қилди. Зирак, бир-иккита узук дегандек, бир аёлга лойиқ тақинчоқларга ҳам эга эди. Камтар, меҳнаткаш… Яқин-яқиндан оилавий тантаналарда, тўйҳашамларда у тилла билакузук тақиб юра бошлади. Болаларининг ҳаммаси вояга етган, ишлайди, одобли, яхши хулқли болалар. Аёл эллик ёшга кирганида фарзандлари бир бўлиб, шу билакузукни совға қилишибди.
Зийнатини кўз-кўз қилиш керак бўлса, назаримда, шу аёл қилиши мумкин эди. Лекин у ҳуда-беҳудага билакузукни тақавермайди, худди болаларининг меҳнатини аягандек, эҳтиётлик билан улар совғасини улуғлаб тақади. Ҳар таққанида болалари меҳрини туйиб тургандек, уларни дуо қилади, бундан мамнун фарзандларининг меҳри яна ҳам товланади. Чунки инсонда ўз меҳнатининг қадрига етишаётганини ҳис қилиб туришдек олий туйғу бўлмаса керак. Ана шу меҳр эвазига, болалари қалбига жо қилган яхши тарбия эвазига аёл яна кўп марта бошқа қимматбаҳо совғалар олса ажаб эмас.
Шу муносабат билан яна бир аёлни эсладим. У яккаю ёлғиз қиз эди. Ота-онасидан мерос бўлиб қолган ҳовли-жойни сотишиб, ўрнига «болаларингизга ишлатарсиз» деб қариндошлар бир дунё тилла буюмлар олиб беришди. Лекин аёл уларни тўлатўкис таққанини ҳеч кўрмаймиз.
Аёллар ҳам қизиқ… Унинг зеб-зийнати кўплигини билганлар баъзан «Ҳаммасини тақиб яйраб юрмайсизми?» дейишади. Бундайларга аёл асталик билан ўз андишасини айтади: «Болаларим ҳали жуда ёш. Ҳар бирининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз керак. Ҳали бир касбнинг бошини тутиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишгани йўқ. Улар олдида мен товланиб