Рахима Шомансурова

Келиннома


Скачать книгу

кўра яхшироқ қилиб кўрсатишга уринишингизнинг маълум юки, масъулияти, ҳатто жавобгарлиги ҳам бўлишини билмайсиз. Ҳатто дафтар шахсан ўзингизники бўлса ҳам, унга ўз бошингиздан кечирган ҳамма фикрни, ҳамма ҳаяжонни ҳам ёзавериш мумкин эмаслигини билмайсиз.

      Сиз бугун ҳали ўз кечинмаларингиз, ўз қарашларингизни умумлаштира олмайсиз, ўзингизга нима бўлаётганини ҳам англаб етмайсиз. Шуларни – ҳали ўзингиз ҳам тўла тушуниб етмаган туйғуларни ёзиб қўйиш керак деб, шошиб-пишиб дафтарга туширишингиз тўғримикин?

      Эртага балоғатга етасиз. Маълум даражада бугунги – ўткинчи тўлқинлар тинади. Эртага сизнинг ўзингизга ҳам шу кечинмалар балки кулгили, балки аянчли бўлиб туюлар. Ҳатто кеча қизиқ устида дафтарга ёзганларингиз ҳам бугун ҳали «етилмаганини» тушунасиз. Инсон қалбига бундай беқарор туйғу-кечинмалар бундан буён ҳам онда-сонда эшик қоқиб туришини англайсиз. У пайтда сиз ўзингизни қандай тутишни биласиз… Чунки балоғат ёшидасиз. Бу вақтда кўп фазилатларингиз барқарорлашган бўлади.

      Аммо буни тушуниб етгунингизга қадар дафтарингиз бошқалар қўлига тушса, сизни нотўғри тушунишлари, нозик кўнглингизни дарз кетказиб қўйишлари мумкин. Бу ҳаётнинг сизга берган илк нохуш сабоғи бўлади.

      Аксарият шундай сабоқлардан сўнг қизлар чиройли ёзилган нарса ҳамиша ҳам чиройли туйғу, ҳақиқий туйғу, ҳақиқий қарашлар акси бўлавермаслигини англаб ета бошлайдилар. Ўшанда дафтарга дуч келган нарсани эмас, ҳаммадан кўриб «менинг ундан қаерим кам?» деб эмас, фақат ўз қалби кашфиётини ёзиш кераклигини, кундалик дафтар муаллифи, яъни дафтар эгасининг қалб кўзгуси эканини ажиб бир сокин ва тиниқ туйғу билан англайдилар. Бу уларнинг балоғатга етаётганларидан нишона.

      Қизлар дафтари…

      Жаҳон адабиётида улар маълум жанр мақомини эгаллаганини биласизми?

      Шоҳ Бобур ва Дилдор бегимнинг қизлари Гулбадан бегимнинг дунёга машҳур «Ҳумоюннома» асари ҳақида эшитгансиз, албатта. Ўқимаган бўлсангиз, кутубхоналардан топиб, ўқиб, ўзингизни, қалбингизни бойитиб олинг. Бу ҳам, таъбир жоиз бўлса, оддий «қизлар дафтари»дан жаҳоншумуллик даражасига кўтарилган асар. Бу ноёб дафтарнинг 83 варақдан иборат ягона қўлёзма нусхаси Англиянинг Британия музейида сақланади. Ёшлигиданоқ адабиёт ва тарихга қизиққан Гулбадан бегимнинг бу асари сизга XV асрнинг охири ва XVI асрнинг ўрталарида Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудларида рўй берган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Ундан ўзбеклар ҳаёти, шоҳлар хонадони, мазкур мамлакатларнинг маданияти, адабиёти, удумлари ҳақида кўплаб маълумотлар оласиз.

      Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида «Отам бағрида» номи билан нашр қилиниб, қўлма-қўл ўқилган Лев Николаевич Толстойнинг қизи Татьяна Львовна Толстая-Сухотинанинг кундалик дафтари отаси – буюк ёзувчининг биз билмаган кўп ноёб фазилатларини очиб берди. Бу кундалик дафтарни ўқиган киши фақат унинг муаллифигагина эмас, унинг машҳур отасига ва онасига ҳам бошқа назар билан қарай бошлайди, ҳаёт қанчалик мураккаб бўлса, ундан ортиқ ноёблигини ҳам