иш қилишлик, ирода жиловининг бир-икки дақиқага бўш қўйилиши сабаб бўлади.
Қиз боланинг шаъни… Бу ҳақда жуда кўп ва ҳар сўзига алоҳида урғу, алоҳида салмоқ бериб гапирилади. Инсоний фазилатлар, маънавий қадриятлар ҳақида сўз кетса, айни шулар қиз болада энг олий даражада бўлиши талаб қилинади. Ахир у қиз бола-да! Миллатнинг кўрки, миллатнинг келажаги.
Қиз бола шунчаки қиз боланинг ўзигина бўлиб қола олмайди. У жуда назокатли, иффатли, иболи, сабр-бардошли, оқила, меҳрибон… бўлиши керак.
Ҳатто қиз болага берилган нисбат, ўлчов, мезонлар ҳам ўртамиёна, ярим, нимтаъриф, чала нисбат бўла олмайди. Улар устуннинг ё энг тепаси ё энг пасти бўлади.
Айб ёки гуноҳ иш қилиб қўйган бошқа ҳамма киши кечирилиши мумкин. Фақат қиз бола кечирилмайди. Қиз болага келганда ҳукм ҳам ғоят мухтасар: «Ўғил бола шу ишни қилганда – бошқа гап эди. Аммо у – қиз бола-я!» Тамом – вассалом!
Қиз боланинг исми, жисми, маънавияти, борлиғи, хаттиҳаракатига ҳамиша ўлчов бошқача бўлиб келган!
Сўрамишлар:
– Дунёда ўлимдан ёмони нима?
– Қизингнинг ноқобил бўлиши!
Бу даҳшатни бошидан кечирганларнинг дилидан-да, тилидан-да бундан даҳшатлироқ нидо чиқади:
– Қиз асрагандан кўра, туз асрасам бўлмасмиди?
Дол бўлган қадлар, эгилган бошларга келадиган хулоса ундан ҳам даҳшатли:
– Қиз келтирган номус – ўлимдан кучли!
Асрлар, замонлар бу азалий маталларнинг маъносини ўчира олмаганидек, тиғини ҳам ўтмаслаштира олмайди.
Ўзбек хонадони борки, агар унда қиз ўсаётган бўлса, шу хонадон соҳибларининг кўнглида ғурур, сурур, шуур ва қиз шаъни билан боғлиқ ор-номус ҳам юқори бўлади.
Шунинг учун ҳам халқимиз қиз боланинг маънавий етук, комил инсон бўлиб ўсиши учун алоҳида аҳамият беради. Уни «оқ қанддай ўраб, авайлаб, гард теккизмасликка» ҳаракат қилади.
АЙТ-ЧИ, КЎЗГУ…
Нега кўзгу олдида узоқ-узоқ туриб қолаяпсиз? Гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Гўё кўзгудан сўраяпсиз: «Айт-чи, кўзгу, мен гўзалми?..»
Ёшликнинг ўзи гўзаллик. Соғлом ва беғубор гўзаллик.
Ёшликни баҳорга, қизларни гулга қиёсланиши ҳақида кўп эшитгансиз. Бу бежиз эмас. Баҳор гўзал фасл. Гул номи борки, у ҳам гўзал. Ҳар бир гул ўзлиги, ўз таровати билан гўзал. Қизлар ҳам худди шундай. Буни сиз сал кейинроқ, албатта, англайсиз.
Баҳорнинг ўз чеки-чегараси бор, ёшликнинг эса умрини узайтирса бўлади. Қандай дейсизми? Ёшликдан ўз саломатлигига қараб юрганларгина бунга эриша оладилар. Кўзингиздаги нур, орасталик, озодалик, қатъият ва шиддат, чаққонлик, сертабассумлик, руҳингизнинг кўтаринкилиги бир тарафдан саломатлигингиз аломати бўлса, иккинчи тарафдан эса сизни чиройли қилиб кўрсатади. Бунинг қадрига етиш, бу фаслни узоқроққа чўзишга интилиш керак.
Қизлар ўзларининг табиий чиройлари билан кўҳликдирлар. Шу бор чиройингиз устига яна ўринсиз оро берсангиз, Яратганнинг сизга атаб берган чиройини сунъийлаштириб қўйишингиз мумкин. Қолаверса, ҳаддан зиёд бўяниш, қўша-қўша