Рахима Шомансурова

Келиннома


Скачать книгу

эса эътибордан четда қолаётгандексиз. Чунки кийим-кечакнинг киши кайфиятига таъсири доим катта бўлиб келган.

      Дид билан ва ўзингизга ярашадиган кийим кийсангиз, гарчи у қиммат бўлмаса ҳам, кайфиятингиз кўтарилади, ўзингизни даврада эркинроқ тутасиз, гап-сўзингиз ҳам шунга яраша бўлади.

      Қисқаси, кийимингиз ички оламингизни, маданиятингизни, ички интизомингизни, яъни ўз хоҳишларингизни нечоғли жиловлай олишингизни-ю, ўзингизни нечоғли идора эта олишингизни намойиш этади. Бунинг ортида бир катта ҳақиқат ётибди: гўзаллик, дид, фаросат ҳамиша кишига тегишли кайфият бахш этади, кишининг юриш-туриши, ахлоқий маданиятини бошқаради, кишини олижаноб, зиёли қилиб кўрсатади.

      Киши кийинишда ҳам ўзини идора этиши керакми, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Керак, жуда ҳам керак, ойим қизим. Чунки афсуски, дид билан, фаросат ва чиройли кийиниш маданиятини кишиларга «Мана бундай кийинсангиз, чиройли бўлади, мана буниси эса хунук», дейиш билан юқтириб ҳам, сингдириб ҳам бўлмайди. Кийиниш маданиятини ҳар ким ўзида ўзи аста-секин, қунт билан тарбиялаб боради. Табиийки, бу ишда ҳар бир кишининг ўзи астойдил ва кўп ҳаракат қилиши керак. Токи бехос айтилган «Вуй, чиройлилигини!» ёки «Мунча хунук!» каби иборалар шу чиройга ёки хунукликка нисбатан кишининг онгли муносабатига айлансин. Киши ҳар бир нарсада – табиатда, санъатда, меҳнатда, ҳатто инсон тузилишидаги гармонияда ҳам гўзалликни кўра билишга ўрганиши, шунга кўникма ҳосил қилиши керак.

      Дид билан кийиниш кишидан маълум даражада билим ва ҳаракатни талаб қилади. Ҳақиқий гўзалликни англай билганлар мода деган нарсага кўр-кўрона эргашмайдилар ёки қиммат кийимларга, буюмларга айнан қиммат бўлгани учун берилмайдилар.

      Шунинг учун ҳамма замонларда ҳам мода жиддий ўрганилади, таҳлил этилади, киши ўзига нисбатан тадбиқ қилганда унинг қандай кўринишда бўлишини мулоҳаза этади.

      Ана шундай мулоҳаза ва таҳлил қилмаган қизлар, одатда, дуч келган нарсани чиройли деб, ўзларига қабул қилаверадилар. Дидсизлик, бачканалик, сохта чирой шундан келиб чиқади.

      Шу даражага етиб бормаслик учун қизлар, биринчи навбатда, қандай ранглар ўзаро уйғунлигини, бу рангларнинг қай бири ўзларига мос келишини, кийимнинг у ёки бу модели, бичими уларнинг ёшига, ташқи кўриниши, ҳатто феъл-атворига тўғри келиши ёки келмаслигини белгилашга ўрганишлари ҳам керак.

      Эътибор берган бўлсангиз, дидли қизлар ҳеч қачон бошқа қизда чиройли кўрингани учунгина ёки бошқалар «модный» деб ҳисоблаганига қараб кийим танламайдилар. Бировга тақлид қилиб, бачканалик даражасига тушиб қолиш мумкинлигини улар яхши биладилар.

      Модага кўр-кўрона эргашганлар кўпинча ноқулай аҳволга тушиб қолишлари мумкинлигини унутманг. Моданинг энг олди ҳисобланган либослар, кийимлар ичидан ҳам сизни сиз қилиб кўрсатадиган, ўзлигингизни намойиш этадиганларинигина танлаб олиш керак. Бу эса асло осон эмас. Нега деганда, мода осмондан тушмайди. Мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. У ҳам маълум даражада кишилар ҳаёти,