Аммо норизо бўлишга ҳеч қандай сабаб кўрмабди. Туя жуда итоатли, чарчамас экан. Бора-бора туякашнинг гапи савдогарнинг хаёлидан кўтарилиб ҳам кетибди.
Неча мамлакат ўтиб, катта дарё олдидан чиқишибди. Кечув жойини топиб аста сувга тушишибди. Савдогар сув тегмасин деб оёқларини туя ўркачлари орасига кўтариб олганича олдинда йўл бошлаб борибди. Дарё ўртасига етганда савдогарнинг оқ туяси шартта мункиб, чўкиб олибди. Оёқларини кўтариб бамайлихотир келаётган савдогар туянинг кутилмагандаги бу ҳаракатидан отилиб кетиб, сувга ағдарилиб тушибди.
Йўлдошлари уни катта қийинчиликлар билан тутиб, қирғоққа олиб чиқишибди. Оқ туяга эргашиб чўккан бошқа туялардаги кўп мол-мулк оқиб кетибди. Жони омон қолган савдогарлар ивиган молларини йиғиб, карвонни илгари силжитиш ҳаракатини қила бошлашибди.
Шунда савдогар ёш бир сарбонни чақириб унга дебди:
– Сен бугуноқ изингга қайт. Мана бу сарпо билан ҳамённи фалон бозордаги фалончи туякашга бериб, раҳматимни айт. Мана бу туяни эса ҳовлимга олиб бориб бойлагин-да, хотинимни чақириб, уни талоқ қилганимни айт. Уйдан истаган нарсасини олиб, шу туяга ортиб онасиникига кетишини буюрганимни ҳам айт, – дебди.
Ёш сарбон устози сўзига ҳайрон бўлибди. Лекин ҳаялламай, савдогар айтганини бажаришга киришибди. Туякашга воқеани айтиб, сарполарни топширганида у афсус билан бошини силкитиб, хаёл суриб қолибди…
Йигит савдогарнинг уйига борибди. Туяни ташқари ҳовлига боғлаб, ичкари ҳовлидан савдогарнинг хотинини йўқлабди. Аёл чиққач, савдогарнинг гапларини сўзма-сўз унга қайтарибди:
– Акам сизни талоқ қилдилар. Уйдан истаган нарсангизни олиб, мана бу туяга ортар экансиз-да, онангизникига қайтар экансиз…
– Менга ўзлари кўнгил қўйиб уйланган эдилар-ку! Ўша вақтлар кимдир онамнинг отамга вафосизлик қилганини айтганида акангиз: «Онанг бошқа, сен бошқа!» деган эдилар. Йўлда нима воқеа бўлдики, бундай қарорга келдилар? – деб сўрабди аёл.
Ёш сарбон йигит бўлган воқеани айтишга чоғланиб турганида ичкари ҳовлининг эшиги очилиб, ярим яланғоч бегона эркак кўринибди:
– Қайда қолиб кетдингиз, жонидан?
Ёш сарбон ҳанг-манг бўлибди. Савдогарнинг гапига-ю ҳукмига энди тушуниб етибди…
– «Онасини кўриб, қизини ол!» деб бежиз айтишмаган, – дегандилар ўшанда раҳматли қайнотам…
Йиллар ўтди. Ривоятга монанд ҳодисаларга дуч ҳам келдим, кўп эшитдим ҳам. Аммо ҳар гал ҳам юрагимнинг тепкини оғриқли бўлади.
Кўпроқ қизлар ҳақида ўйлайман. Шундай онанинг қизлари ўзини қўлга олса, тоймаса, бир ўзинигина эмас, онасини ҳам дўзах азобидан қутқариб қолади, деган ишонч юрагимни тарк этмайди. Авлоднинг олдинги авлоддан кучлироқ, онглироқ, покроқ, диёнатлироқ, ибратлироқ келиши табиий экани ҳақидаги ҳикматларга таянгим келади.
СИЗ – ОИЛА ШИФОКОРИ
Бир эътибор беринг-а. Уйингизда кимнингдир боши оғриб қолса, кимдир бармоғини кесиб олса, кимнидир бехосдан ари чақиб олса ҳам, биринчи бўлиб ойингизга, келинойингизга,