озода ва тараб юришингиз, хонангиз ҳам саришта ва тоза бўлиши, ич кийимларингизнинг бенуқсон бўлиши доим улар назоратида эди. Шундай бўлишига кўникиб ҳам қолдингиз. Энди ука ва сингилларингизни ўзингиз назорат қилаяпсиз. Биргаликда сиз оила аъзоларининг биронтаси ҳам касал бўлмаслиги учун, хуш кайфиятда юриши учун аввало гигиенага, яъни уйингизда гард бўлмаслигига, ҳавосининг тоза бўлишига, орасталик ва саришталикка риоя қиласизлар.
Кўпинча болалар, ўсмирлар у ер-бу ерларини уриб олиб ёрдамга муҳтож бўладилар. Урилган жой терисининг ости қонталаш бўлади, оддий қилиб айтганда, кўкариб қолади. Оғриқни камайтириш, шишнинг олдини олиш учун бу ерга тоза латтани совуқ сувда ҳўллаб (совуқ компресс) қўйилади. Аммо бош урилган бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Баъзан бош уриб олинганда кўкарган, шишган, тирналган жой билинмайди-ю, киши ҳушидан кетиши, ранги оқариши, кўнгли айниши мумкин. Бундай жароҳат олган кишини дарров ётқизилиб, тинч бўлишини таъминлаш, бошига совуқ компресс қўйиб, мумкин қадар тезроқ шифокорга кўрсатиш керак.
У ер-бу ерини тирнаб олиш, унча чуқур бўлмаган жароҳатларда тирналган ёки кесиб олинган жой дезинфекция қилувчи суюқликлар (йод, кўк дори) ёки одеколон билан тозалаб артилади ва кейин пластир ёки бинт, тоза дока билан боғланади. Жиддийроқ жароҳатларда ҳам тезда мутахассисга кўрсатиш керак. Айримлар жароҳатланган жойга «халқда шундай» деб лой суртиб, барглар ёпиштириб қўйишади. Бундай қилиш мумкин эмас.
Жароҳат чуқур бўлмаса ва қонни тўхтатиш учун баъзан жароҳатланган қўлни кўтариш, ботиқроқ қилиб боғлаш кифоя қилади.
Болалар ва ўсмирларнинг кўпинча бурунлари қонаб туради. Бундай ҳолда бурни қонаётган кишининг бошини кўтариб ўтқазилади, кийимларига қон тегмаслиги учун тоза дастрўмол ёки пахта қўйиб, икки қош ораси ва пешананинг бурун қисмига совуқ компресс қўйилади.
Шу ерда биринчи ёрдам кўрсатиш тафсилотларига берилмай, бир ажойиб китоб – тиббиётдан оммабоп қўлланманинг ҳамманинг уйида бўлишини тавсия этмоқчимиз. Бу китоб «Беморларни уйда ва шифохонада парвариш қилиш» деб аталиб, у 2011 йилда нашр қилинган.
Сарлавҳани ўқиб «Шундай узун тақвим ҳам бўларканми?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бўлади, агар ўйлаб тузилса. Қолаверса, ҳайрон бўлганингизча бор, бу ҳақиқатда ҳам бошқача тақвим. Гап сизнинг шахсий ҳайз тақвимингиз ҳақида кетяпти. Бундай тақвим ҳамма қиз-аёлларда бўлиши керак, деб ўйлаймиз.
Қизларнинг балоғатга етишининг асосий белгиси уларнинг вақти келиб мунтазам ҳайз кўра бошлаши эканини биласиз. Сиз бунга одатланиб улгурдингиз. Бу қизларнинг 12-14 ёшидан бошланадиган ва ҳар 21-30 (кўпинча – 28) кунда содир бўладиган жараён эканлигига ҳам ишонч ҳосил қилдингиз. Чунки Сизда у аллақачоноқ даврийликда муқимликка эга бўлди. Шундайми?
Қизларнинг қачон ҳайз кўра бошлаши ва унинг неча кун давом этиши уларнинг соғлиғи ва турмуш тарзига, шунингдек, турар жойи ва иқлимига боғлиқ. Ойлик қон келишининг