бошлаши кераклигини англайсиз. Ҳа-ҳа, киши ўзини муттасил тарбиялаб бориши, ўзида бахтли бўла билиш малакасини, бахтиёрлик истеъдодини ривожлантириши кераклигини англайсиз! Кейинни кўзлаб ўзингиздаги ғазаб, жаҳолатни вақтида тизгинлай билиш, атрофингиздагиларни бахтсиз қилмасликка уриниш ҳам, шу малака, шу истеъдоднинг қирралари. Буларни, айниқса, ёшлигимиздан ўзимизга сингдириб олишимиз керак. Бунинг учун айнан шу даврда қиз боланинг кўзига мумкин қадар кўпроқ атроф-муҳитни кўрсатиб, қулоғига кўпроқ нарса қуйиш керак экан. Бу вазифани бажариш оналар, бувилар, устозлар, умуман – катта ёшдаги кишиларнинг зиммасидадир.
Гарчи келинлик ҳақидаги сабоқ-суҳбатларни олиб бориш «қарилик гаштини сураётган», умримнинг катта қисми ортда қолган даврга тўғри келган бўлса ҳам, сизлар билан суҳбатга юрагим титрабгина киришдим. Сизнинг қулоғингизга бугун ва кейин қуймоқчи бўлган гапларнинг ҳаммаси меникимикин? Айтилаётган гапларнинг аксарияти юқорида айтганимдек, катталардан жон қулоғим билан эшитганларим, бир умр кўнглим мулки бўлиб Олам ва Одамга қарашларимни, инсон бахти ҳақидаги тушунчамни белгилаган ҳикмат-насиҳатлар бўлса ажаб эрмас.
Буни бирга-бирга муҳокама ва мулоҳаза этамиз. Биргаликда орзуйингиз – остонаси тиллодан уйингиз томон одимлаймиз.
Ҳаёт кечириш – тайёр рецепт билан бирон таом пишириш эмас, албатта. Ҳойнаҳой, ҳозир хаёлингиздан «Аниқ битта рецепт билан ўн киши тайёрлаган ўнта пишириқ ҳам ўн хил чиқади-ку!» фикри ўтгандир-а? Тўғри фикрлаяпсиз. Чунки ҳар кимнинг қўли, кўзи, онги, меҳри, руҳияти ҳар хил бўлади! Ҳар биримизни Яратган турлук-турлук қилиб яратган!
Келинлик ҳақидаги сабоқлар ҳам сизнинг янги ҳаётингизни аниқ кўрсатиб беради, демоқчи эмасмиз. Сиз уларни ўқинг, мушоҳада қилинг. Излаганингиз – тўғри йўлни эса юрагингиз, онгингиз кўрсатади.
Яратгувчи ҳар бир инсонни бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратгани каби, қизлар ҳам келинлик, оила, аёллик, оналик ролини фақат ўзларига атаб яратилган, пешоналарига битилган сценарийга кўра ўйнайдилар.
Оилада янги тушган келинларга дастлаб кичик-кичик роллар ажратилади. Уларга аввал оила, рўзғор юритишнинг умумий саҳна кўринишларида иштирок этиш ўргатилади. Моҳир артистлар кичкина ролни ҳам маҳорат билан ўйнаб, етакчи роллар даражасига кўтарганларидек, чиндан ўз бахтини топиб, шу уйда «туб қўйиб, палак отиш»ни истаган келинлар ўзларига ажратилган шу кичкина ролларни очиқ кўнгиллик, дил равшанлиги, энг асосийси, самимият ва яхши мақсадни кўзлаб ўйнайдилар ва шу оиланинг тенг аъзоси даражасига кўтарила оладилар. Бундайларнинг оддий остонаси ҳам тилло бўлиб туюлади.
Келинлик даврини фақат ясан-тусан давридир, деб билганлар бундан мустасно, албатта.
Аслини олганда келинлик – оиланинг энг кичик роли. Бу ролга айрим қизларимиз кўп эътибор беришмаганидан афсусдамиз. Ҳолбуки, умрнинг ҳеч бир дамига беэътибор бўлинмаганидек, келинлик даврини ҳам умрнинг бундан кейинги катта қисмининг пойдевори